Ўзбекистон гендер сиёсатининг 35 йиллик эволюцияси
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш юртимизда эркин ва фаровон жамият барпо этишнинг мустаҳкам пойдеворидир. Ўзбекистонда гендер сиёсати аёлларга нафақат оила чироғи, балки давлат ва жамият бошқарувининг тенг ҳуқуқли етакчилари бўлиш имкониятини тақдим этмоқда.
БМТ ва Ўзбекистон томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларининг (БРМ) 5-мақсади бевосита «Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш» деб номланган.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда аёллар манфаатларини таъминлаш, гендер масалаларига эътибор қаратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди. Барқарор ривожлантириш маркази эксперти Шаҳзода Раҳимова бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Мустақилликнинг 35 йиллиги – алоҳида қарорларни эмас, балки жамиятда юз берган чуқур ўзгаришларни баҳолаш учун етарли тарихий давр. Ушбу трансформациялар орасида хотин-қизларга нисбатан давлат сиёсати алоҳида ўрин тутади.
Мустақиллик йилларида нафақат қонунчилик ўзгарди. Давлат сиёсатининг фалсафаси ҳам босқичма-босқич трансформацияланди: хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва оналикни қўллаб-қувватлаш устувор бўлган сиёсатдан – таълим олиш, касбий ривожланиш, иқтисодий мустақиллик ҳамда қарорлар қабул қилишда иштирок этиш учун шароитлар яратишга ўтилди.
Айнан ушбу ўтиш замонавий Ўзбекистон гендер эволюциясининг бош мазмуни ҳисобланади. Бугунги кунда гендер тенглиги масаласини фақат ижтимоий ёки демографик муаммо сифатида кўриб чиқиш мантиқсиздир. Аёлларнинг иқтисодиёт, фан, тадбиркорлик ва давлат бошқарувидаги иштироки инсон капитали сифати, меҳнат унумдорлиги, инновацион ривожланиш ва жамият барқарорлиги билан бевосита боғлиқ. Шу боис, гендер тенглигини таъминлаш Барқарор ривожланиш мақсади сифатидагина эмас, балки мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг умумий кун тартибидаги ажралмас вазифа сифатида кўрилмоқда.
Ўзбекистоннинг гендер сиёсати мустақиллик йилларида бир неча босқични босиб ўтди. 1990 йиллар ва 2000 йилларнинг бошларида оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, ўтиш даври шароитида ижтимоий барқарорликни сақлаш объектив равишда асосий устувор йўналиш бўлиб қолди. Меёрий-ҳуқуқий база шакллантирилди, хотин-қизларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
2000-2016 йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ҳамда институционал базаси босқичма-босқич ривожланди. Бироқ уларнинг таълим, бандлик, иқтисодий фаоллик ва давлат бошқаруви соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришга тўсқинлик қилувчи бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолди. Хусусан, олий таълим олиш имкониятининг чеклангани, айрим касблар бўйича меҳнат чекловлари ҳамда раҳбарлик лавозимларида хотин-қизлар улушининг камлиги уларнинг инсоний ва касбий салоҳиятини тўлиқ намоён этишига ғов бўлаётган эди.
2017 йилга келиб, мамлакатда аҳолининг олий таълим билан қамрови бор-йўғи 9 фоизни ташкил этган бўлса, талабалар орасида хотин-қизларнинг улуши 40 фоизга ҳам етмас эди. Шунингдек, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг алоҳида ҳамда комплекс йўналиши сифатида ҳали шаклланмаган эди. Ушбу омилларнинг барчаси қоғозда мустаҳкамланган тенг ҳуқуқлар ҳамда жамиятдаги реал имкониятлар ўртасида сезиларли тафовут сақланиб қолаётганини кўрсатарди.
Гендер тенглик бўйича давлат сиёсати 2017 йилдан сўнг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Айнан шу даврдан эътиборан гендер сиёсати тизимли тус олди: ижтимоий муҳофаза билан бир қаторда тенг имкониятлар яратиш, бандлик, таълим, тадбиркорлик, сиёсий фаоллик ҳамда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоялаш масалалари устувор йўналишга айланди.
Гендер тенглигини таъминлашга оид яхлит ҳуқуқий тизимнинг шаклланиши ушбу даврнинг муҳим ютуқларидан биридир. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эгалиги мустаҳкамланиб, давлатнинг жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида ушбу тенгликни таъминлаш мажбурияти белгиланди.

«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар халқаро рейтинг ва баҳолашларда ҳам ўзининг ижобий натижаларини намоён этмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг Women, Business and the Law 2026 рейтингида Ўзбекистон 190 та мамлакат орасида 48-ўринни эгаллаб, гендер тенглиги йўналишидаги ислоҳотлар суръати бўйича етакчи бешлик қаторидан жой олди. Мамлакатимиз ҳаракатланиш эркинлиги, никоҳ, меҳнатга ҳақ тўлаш, болаларни парвариш қилиш ҳамда активларга эгалик қилиш каби муҳим йўналишларнинг барчасида максимал натижаларни қайд этди.
Бу натижалар гендер сиёсатининг янги босқичи эндиликда янги меъёрларни яратишдан кўра, мавжуд ҳуқуқий кафолатларни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш билан боғлиқ эканини кўрсатади. Зеро, тенглик қонун ҳужжатларида белгиланиши билангина чекланмаслиги, балки меҳнат бозорида, тадбиркорликда, таълим тизимида ва кундалик ҳаётда реал имконият сифатида намоён бўлиши лозим.

Ижобий динамика барқарор ривожланиш соҳасидаги халқаро баҳолашларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Sustainable Development Report 2026 ҳисоботига кўра, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича умумий рейтингда 169 та мамлакат орасида 73,0 балл билан 65-ўринни эгаллади. БРМ 5 — «Гендер тенглиги» доирасида аёлларнинг парламентдаги вакиллиги, аёллар ва эркакларнинг таълим олиш давомийлиги ўртасидаги нисбат, хотин-қизларнинг ишчи кучидаги иштироки ҳамда оилани режалаштириш хизматларидан фойдаланиш имкониятлари каби муҳим мезонлар баҳоланади.
Аёлларнинг иқтисодий фаоллиги масаласи ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий фаоллик даражаси кўпаймоқда. Бу, бир томондан, хотин-қизларнинг иқтисодий жараёнлардаги иштироки тобора ортиб бораётганини кўрсатса, иккинчи томондан, уларнинг бандлиги, даромадлари ва иқтисодий имкониятларини янада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини англатади.
Сўнгги йиллардаги энг сезиларли ўзгаришлардан бири хотин-қизларнинг олий таълимдан фойдаланиш имконияти кенгайгани бўлди. Бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида талаба қизлар сони 904 мингдан ошиб, умумий талабалар сонининг 54 фоизини ташкил этмоқда. Ушбу натижа нафақат олий таълим қамровининг умумий кенгайиши, балки давлат томонидан кўрилаётган манзилли қўллаб-қувватлаш чоралари билан ҳам боғлиқ. Хусусан, эҳтиёжманд оилалардан бўлган қизлар учун ажратилаётган таълим грантлари сони оширилмоқда, муайян меҳнат стажига эга, аммо илгари диплом олмаган хотин-қизларнинг олий маълумот олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Хотин-қизларнинг магистратурада ўқиш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш ҳақидаги қарор алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бундай ёндашув ижтимоий сиёсат мантиқи тубдан ўзгарганини кўрсатади: давлат ёрдами босқичма-босқич шунчаки ижтимоий муҳофаза воситаси эмас, балки аёлнинг касбий ва интеллектуал салоҳиятига киритилаётган инвестицияга айланмоқда.
Аёлларнинг таълим олиш имкониятлари кенгайиши самараси илм-фан соҳасида ҳам ўз аксини топмоқда. 2026-йилда эълон қилинган маълумотларга кўра, хотин-қизлар стажёр-тадқиқотчилар ва докторантларнинг 61 фоизини ташкил этмоқда. Бундан ташқари, сўнгги етти йилда 5,2 мингдан ортиқ аёллар PhD va DSc илмий даражаларини олишди.
Бу хотин-қизларнинг илм-фандаги иштироки тобора кенгайиб, янги мазмун касб этаётганини кўрсатади. Аёл эндиликда нафақат таълим олувчи, балки мамлакатнинг илмий ва технологик салоҳиятини шакллантиришда фаол иштирок этувчи куч сифатида намоён бўлмоқда. Эндиликда таълим ва фан тизими олдида турган муҳим вазифа — эришилган натижаларни янада мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг илм-фандаги имкониятларини кенгайтиришдир. Бунинг учун муҳандислик, технология ва рақамли йўналишларда аёллар иштирокини ошириш, уларнинг илмий жамоаларга раҳбарлик қилиши ҳамда йирик тадқиқот лойиҳаларини бошқаришдаги ролини кучайтириш зарур.
Давлат бошқаруви ва қарорлар қабул қилиш тизимида ҳам хотин-қизларнинг роли тубдан ўзгармоқда. 2024 йилги парламент сайловларидан сўнг аёллар Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг 38 фоизини эгаллади, Сенатда эса уларнинг улуши 27 фоизни ташкил этди. Давлат бошқарувида хотин-қизлар улуши қарийб 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида эса 45 фоизга етди.

Таълим ҳамда сиёсий соҳадаги ушбу ўсишнинг мантиқий давоми сифатида иқтисодий мустақиллик намоён бўлмоқда. 2026 йилда 1,5 миллион нафар хотин-қизларнинг даромад олишини таъминлаш, шу жумладан 400 минг нафарини тадбиркорликка жалб этиш вазифаси қўйилган. Ушбу мақсадларга 25 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши, «Ҳамроҳ» дастури доирасида эса хотин-қизларнинг 3 мингта бизнес-лойиҳасига қарийб 1 триллион сўм йўналтирилиши режалаштирилган.
Гендер сиёсатининг натижалари маҳалла даражасида энг аниқ намоён бўлади. Айнан шу ерда аёл киши кундалик масалалар – иш қидириш, касб-ҳунарга ўргатиш, оила даромади, ижтимоий ёки ҳуқуқий ёрдамга бўлган эҳтиёж билан тўқнаш келади.
«Аёллар дафтари» механизмлари, «Инсон» марказлари ва жойлардаги мутахассисларнинг фаолияти манзилли ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Бугунги кунда бандлик сифати, даромад даражаси, касбий ўсиш, хотин-қизларнинг STEM ва рақамли иқтисодиётдаги иштироки биринчи ўринга чиқмоқда. Шунингдек, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва хотин-қизларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини амалда самарали қўллаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ушбу ўзгаришларнинг бош натижаси шунчаки янги қонунлар ва статистика рақамларида эмас. Энг муҳими, жамиятнинг аёлга бўлган муносабати тубдан ўзгармоқда: бугун у тенг ҳуқуқли ҳамкор ва мамлакат тараққиётининг фаол кучи сифатида эътироф этилмоқда.
Мустақилликнинг 35 йили давомида Ўзбекистоннинг гендер сиёсати сезиларли эволюцияни босиб ўтди: дастлабки ижтимоий муҳофазадан имкониятларни кенгайтиришга, имкониятлардан эса хотин-қизларнинг иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий мустақиллигини таъминлашга ўтилди.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.