Қорақалпоғистонда V “Устозлар миллий форуми” бўлиб ўтмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида ташкил этилган V “Устозлар миллий форуми”нинг республика босқичи ўз ишини бошлади.
Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев иштирок этиб, форум иштирокчиларини самимий қутлади ва янги ўқув йилида педагогларга катта муваффақият тилади.
Форумнинг асосий мақсади Янги Ўзбекистон таълим стандартлари асосида аниқ ўқув мақсадларини белгилаш ва уларни дарс жараёнига самарали татбиқ этиш, педагоглар ўртасида профессионал тажриба алмашиш, таълим тизимида таҳлил ва мониторингга асосланган бошқарув маданиятини ривожлантириш, замонавий рақамли технологиялар ва инновацион таълим ёндашувларини амалиётга кенг жорий этишдан иборатдир.

Таъкидлаш жоизки, мазкур форумда Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидан 374 нафар тажрибали педагог иштирок этмоқда. Форум доирасида иштирокчилар ўртасида спорт ва интеллектуал тадбирлар ўтказилди.
Педагоглар волейбол мусобақасида жамоавий ишлаш, чаққонлик ва маҳоратларини намойиш этди. Шунингдек, форум иштирокчилари "Заковат" интеллектуал ўйинида билим ва мантиқий фикрлаш бўйича ўз имкониятларини синаб кўрди.
Асосий машғулотларнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Айбек Даулетбаев ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ўқув жараёнини методик ташкил этиш ва дарслик бошқармаси бўлим бошлиғи Аброржон Ўктамов иштирок этиб, форум иштирокчиларига муваффақиятлар тилади.

– Амалий машғулотлар 11 та шўъба йўналишида юқори фаоллик ва кўтаринки руҳда ўз ишини давом эттирмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг сектор бошлиғи Мамбеталий Тўремуратов. – Бундан кўзланган асосий мақсад, таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, ўқув жараёнларига киритилаётган ўзгаришларни ҳар бир педагогга етказишдан иборат.

Иштирокчилар Янги Ўзбекистон таълим стандартлари асосида аниқ ўқув мақсадларини белгилаш, педагоглар ўртасида тажриба алмашиш ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, таҳлил, мониторинг ва маълумотларга асосланган бошқарув маданиятини ривожлантириш, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва замонавий таълим платформаларидан фойдаланиш, тадқиқотларга асосланган илғор таълим моделларини жорий этиш, педагогларни замонавий дарс методларига йўналтириш масалалари бўйича амалий кўникмаларга эга бўлмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири