Ўзбекистон ва Канада университетлари ўртасида таълим ҳамкорлиги кенгайтирилади
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигида Канададаги нуфузли университетлар вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугун Агентлик директори Севара Шакирова ҳамда Канаданинг етакчи олий таълим муассасалари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда “Saint Mary’s University” вакили Мэй Зай, “Simon Fraser University” вакили Дина Томпсон ҳамда “York University” вакили Сунера Али иштирок этди.
Музокаралар давомида Агентлик тизимидаги Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчиларининг Канада университетларига ўқишга кириш имкониятларини кенгайтириш, улар учун махсус қабул шартлари ва таълим грантларини ажратиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Канада ўртасида ўқувчилар учун ёзги оромгоҳлар ташкил этиш, ўзаро ташриф ва алмашинув дастурларини йўлга қўйишга эътибор қаратилди.
Учрашувда мактаб маслаҳатчилари ҳамда STEM йўналишидаги фан ўқитувчилари учун халқаро тажриба асосида малака ошириш тренингларини ташкил этиш таклифлари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар, шунингдек, учала университет билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш орқали расмий алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқди.
Мазкур ҳамкорлик ташаббуслари Агентлик тизимидаги ўқувчиларнинг халқаро таълим имкониятларини кенгайтириш, хорижий олий таълим муассасалари билан алоқаларни ривожлантириш ҳамда педагоглар малакасини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА