Бола ривожи алоҳида эътиборга боғлиқ
Бола ҳаётининг илк уч йили унинг келгуси ривожланишида муҳим ўрин тутади. Айни шу даврда ривожланишдаги қийинчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва зарур ёрдамни кўрсатиш боланинг имкониятларини кенгайтириш, мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантириш ҳамда оилага амалий кўмак беришда муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда мамлакатимизда туғилгандан уч ёшгача бўлган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Эрта аралашув” хизматини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги тегишли қарори доирасида ташкил этилаётган ушбу хизмат ривожланишида кечикишлар кузатилган болаларга индивидуал ёндашув асосида ёрдам кўрсатиш, уларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва ота-оналарга амалий тавсиялар беришни назарда тутади.
Тошкент вилоятида ҳам мазкур хизматни йўлга қўйиш ва қамровини кенгайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда 22 та туман ва шаҳарда 26 та тадбиркорлик субъектига “Эрта аралашув” хизматини ташкил этиш учун ижобий хулосалар берилган. Бугунги кунда 100 нафардан ортиқ бола ушбу хизматдан фойдаланмоқда. Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманида йўлга қўйилган хизмат ҳам болалар ва уларнинг ота-оналари учун муҳим ёрдам манбаига айланяпти. Айниқса, мутахассислар кўмагидан ўз ҳудудида фойдаланиш имконияти яратилгани оилаларнинг вақт ва йўл харажатларини тежашига ёрдам бермоқда.
— Авваллари қизимни даволатиш учун пойтахтга олиб борардим, — дейди Ўрта Чирчиқ тумани Тошлоқ маҳалласида яшовчи Карима Тўлабаева. — Йўл харажатларини топишда қийналганим сабабли баъзан шифокор белгилаган вақтда бора олмаган пайтларимиз ҳам бўлган. Ҳозир эса туманимиздаги “Эрта аралашув” хизматидан фойдаланяпмиз. Қизимнинг соғлиғида ижобий ўзгаришларни сезмоқдаман. Бизга ўхшаган оилалар учун шундай хизматнинг бепул ташкил этилгани катта ёрдам бўляпти. Бунинг учун Президентимизга раҳмат.

Аслида “Эрта аралашув” хизмати доирасида болаларнинг жисмоний, нутқий, ақлий ва ижтимоий ривожланишини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бунда ҳар бир боланинг индивидуал эҳтиёжлари инобатга олиниб, тегишли машғулотлар ташкил этилади.
Шунингдек, кундалик ҳаёт кўникмаларини шакллантириш, боланинг ривожланишидаги ўзига хос жиҳатларни ҳисобга олиш ва ота-оналарга фарзандини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий тавсиялар бериш хизматнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Келгусида хизмат қамровини янада кенгайтириш, кўрсатилаётган ёрдам сифатини ошириш ва оилалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Зеро, боланинг илк ривожланиш даврида кўрсатилган ўз вақтидаги ёрдам нафақат бугунги қийинчиликларни енгишга, балки унинг келажакдаги имкониятларини рўёбга чиқаришга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, бундай кўмак ота-оналарга ишонч бағишлаб, ҳар бир боланинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун имконият яратади.
А.Мусаев, ЎзА