Ўзбекистон ва Канада университетлари ўртасида таълим ҳамкорлиги кенгаймоқда
Халқаро таълим ҳамкорлигини ривожлантириш, иқтидорли ёшлар учун хорижий олий таълим муассасаларига кириш имкониятларини кенгайтириш ва педагоглар малакасини ошириш таълим тизимининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигида Канада университетлари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Агентлик директори Севара Шокирова ҳамда Канаданинг Saint Mary’s, Simon Fraser вa York университети вакиллари иштирокидаги мулоқотда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида агентлик тизимидаги Президент ва ихтисослаштирилган мактаблар битирувчилари учун Канада университетларига қабул имкониятларини кенгайтириш, таълим грантларини ажратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Канада ўртасида ўқувчилар учун ёзги оромгоҳлар ташкил этиш, талабалар ташрифларини йўлга қўйиш ҳамда таълим соҳасидаги алмашинув дастурларини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш билан боғлиқ. Шу маънода, мактаб маслаҳатчилари ва STEM фанлари ўқитувчилари учун халқаро тажриба асосида махсус тренинглар ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув якунида учала университет билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва тегишли меморандумларни имзолаш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА