ЖЧ–2026: Мексика муддатидан аввал плей-оффга чиқди
Футбол бўйича давом этаётган Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида драматик учрашувлар, кутилган ва кутилмаган натижалар қайд этилмоқда
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати “A” ва “B” гуруҳларида иккинчи тур учрашувлари ўз якунига етди.
“А” гуруҳида Чехия ва Жанубий Африка Республикаси терма жамоалари ўртасидаги учрашувда ғолиб аниқланмади. Баҳснинг 6-дақиқасида Михал Садилекнинг голи чехияликларни олдинга олиб чиққан эди. Бироқ, учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ташаббусни қўлга олган Жанубий африкаликлар 83-дақиқада пенальти ишлаб олди. Тебохо Мокоэна белгиланган жарима зарбасини голга айлантириб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди — 1:1.
Гуруҳнинг иккинчи ўйинида эса Мексика терма жамоаси Жанубий Корея устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Учрашув тақдирини 50-дақиқада Луис Ромо томонидан киритилган гол ҳал қилди. Шу тариқа мексикаликлар кетма-кет иккинчи ғалабадан сўнг, 6 очко билан муддатидан аввал плей-офф босқичига йўл олди. Айни дамда “А” гуруҳида Жанубий Корея 3 очко билан иккинчи, Чехия ва Жанубий Африка Республикаси 1 очко жамғариб, 3-4 поғоналарни банд этмоқда.
Мазкур гуруҳдаги 3-тур ўйинлари 24 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Мексика – Чехия ва Жанубий Африка Республикаси – Жанубий Корея терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.

"В" гуруҳидан ўрин олган Швейцария - Босния ва Герцеговина баҳсида Йохан Манзамбининг дубли, Рубен Варгас ва Гранит Жаканинг голлари эвазига швейцарияликлар 4:1 ҳисобида зафар қучди. Босния ва Герцеговина сафида Эрмин Маҳмич ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйди.
Мундиалнинг энг йирик натижаларидан бири Канада ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги баҳсда қайд этилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, канадалик футболчилар рақиб дарвозасига жавобсиз олтита тўп киритди. Ўйин давомида Жонатан Дэвид хет-трик муаллифига айланган бўлса, Сайл Ларин ва Натан-Дилан Салиба ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Яна бир гол Қатар ҳимоячиси Муҳаммад Ал-Маннаи томонидан ўз дарвозасига киритилди.
Қайд этилган мазкур натижалардан сўнг, Канада ва Швейцария терма жамоалари 4 очко тўплаган ҳолда "В" гуруҳи пешқадамларига айланди. Босния ва Герцеговина ҳамда Қатар 1 очко билан кейинги ўринларда қолмоқда. Энди 24 июнь куни гуруҳ пешқадамлари ва аутсайдерлар 3-тур доирасида ўзаро рақобатлашади.

Энди "С" ва "D" гуруҳларидан ўрин олган жамоалар иккинчи тур учрашувларида майдонга тушади. Мазкур баҳслар Тошкент вақти билан 19 июндан 20 июнь санасига ўтар кечаси ташкил этилади.
"D" гуруҳидаги учрашувларни АҚШ ва Австралия терма жамоалари бошлаб беради. Мазкур баҳс Тошкент вақти билан соат 00:00 да старт олади. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида эса Туркия ва Парагвай терма жамоалари ўзаро куч синашади. Ушбу ўйин соат 08:00 да бошланади.
"С" гуруҳида Шотландия терма жамоаси Марокашга қарши майдонга тушади. Учрашув соат 03:00 да старт олади. Гуруҳнинг яна бир баҳсида Бразилия ва Гаити терма жамоалари ўзаро муносабатларга ойдинлик киритади. Ушбу қарама-қаршилик соат 05:30 да бошланиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА