Инсоният тамаддунида Сурхон воҳасининг ўрни
Эртага Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бошланади.
Халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдоналари, аждодларимизнинг турмуш тарзи, либослари, маросим ва бошқа анъаналари намойиш этиладиган фольклор-этнографик байрам олдидан Термиз давлат университетида “Сурхон воҳасининг инсоният цивилизациясидаги ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Греция, Канада, Россия, Хитой, Италия, Польша каби давлатлардан 30 дан ортиқ олим, мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасаларидан 150 га яқин профессор-ўқитувчи ва илмий тадқиқотчи, оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилоят ҳокими У.Қосимов, Термиз давлат университети ректори А.Тошқулов илмий-амалий конференциянинг аҳамияти ва ўтмиши олис тарихга бориб тақаладиган Сурхон воҳасининг сайёрамиз цивилизациясидаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритди. Сўнгги йилларда миллий қадриятларимизни улуғлаб, ўтмишдаги аждодлардан мерос қолган ноёб моддий ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, ёш авлод онгу шуурига чуқур сингдириш, дунёга кенг тараннум этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида фикр алмашди. Давлатимиз раҳбари ғояси билан икки йилда бир марта ўтказилаётган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали ҳам бой тарихимиз ва ноёб моддий-маънавий меросни жаҳонга кенг тарғиб қилишда юксак самаралар бераётгани қайд этилди. Қадим бу гўшада инсоният тарихий тараққиётининг илк босқичларидан жамиятнинг моддий ва маънавий маданияти ривожланиб боргани таъкидланди. Конференция ишига муваффақият тилади.

Дунёнинг тарихчи ва қадимшунос олимларида катта қизиқиш уйғотиб келган Сурхон воҳаси эндиликда жаҳоннинг кўплаб давлатлари фольклоршунослари, ёш тадқиқотчилари эътиборини тортмоқда. “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали юртимиз тарихи, фольклор санъати, этнографияси ва ноёб урф-одатларимиз, миллий қадриятларимизнинг янги қирраларини кашф этишга ундамоқда.

Халқаро конференциянинг ялпи ва шўъба мажлисларида 50 дан ортиқ давлатнинг тарихчи олимлари, археологлар, фольклоршунослар, илмий тадқиқотчилар онлайн ва офлайн иштирок этиб, мавзуга оид маърузалари билан қатнашди.

Анжуманнинг “Сурхондарё буюк тамаддун бешиги”, “Ўрта асрларда Сурхон воҳасининг моддий ва номоддий маданияти”, “Воҳа аҳолисининг номоддий маданиятида анъанавийлик ва замонавий кўринишлари”, “Мустақиллик йилларида Сурхондарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёти” мавзуига бағишланган тўртта шўъба мажлисларида қизиқарли маърузалар тингланиб, атрофлича муҳокама этилди. Дунё фольклор мухлисларининг ноёб фестивали ҳамда нафис байрам арафасида ўтказиладиган халқаро анжуманни янада оммалаштириш, қамровини кенгайтириб, кўпроқ ёш тадқиқотчиларни жалб этиш, илмий хулосаларни кенг тарғиб қилиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири