Наманганда Қирғизистон делегацияси учун тажриба алмашув мулоқотлари ўтказилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қирғиз Республикасининг давлат хизматчиларидан иборат делегация Наманган вилоятида давлат бошқаруви, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ташриф буюрди.
Меҳмонлар Учқўрғон туманидаги “Кенсай” чегара постида тантанали кутиб олинди. Делегация таркибидан Қирғиз Республикаси Президентининг Жалол-Обод вилоятидаги вакили аппарати ходимлари, вилоят ва давлат маъмуриятлари вакиллари ўрин олган.
Ташриф доирасида меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги Наманган вилояти филиалида ташкил этилган семинарда иштирок этди. Унда давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги амалий ишлар хусусида маълумот берилди.
Шунингдек, делегация Наманган шаҳар давлат хизматлари марказида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўрсатилаётган комплекс хизматлар ҳамда IT Park Uzbekistan Наманган филиали фаолияти билан танишди.
Икки кунлик дастур доирасида меҳмонлар вилоятдаги қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва диққатга сазовор масканларда ҳам бўлиши режалаштирилган.
Делегация аъзолари “Даштбоғ” кичик саноат зонасида фаолият юритаётган “Ilhomjon Textile” корхонасида бўлиб, экспортбоп костюм-шим маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Корхона маҳсулотларининг Туркия ва МДҲ давлатлари бозорида харидоргирлиги меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, “Aziz Design Service” корхонасида ишлаб чиқарилаётган йўл ва спорт сумкалари намойиш этилди. Корхона маҳсулотларининг Россия ва Қозоғистон бозорларига экспорт қилинаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорда рақобатбардошлиги ортиб бораётганини кўрсатади.
[gallery-29111]
Ташриф давомида давлат хизматларини модернизация қилиш, рақамлаштириш ва инсон омилини қисқартириш орқали тизим самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Бу жараёнлар аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Меҳмонлар Наманган шаҳридаги “Тинчлик” хиёбони ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб, 65-Халқаро Гуллар фестивали юбилей тадбирларига тайёргарлик ишлари билан ҳам танишди.
Наманган гулчилари яратаётган ранг-баранг композициялар, ноёб гул навлари ва фестивалга кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА