Давлат хизматида бошқарув самарадорлиги оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан Тошкент вилоятида ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Мақсад Президентимизнинг 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ижроси ҳамда Агентликнинг Тошкент вилояти филиали томонидан ўтган даврда амалга оширилган ишлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишдир.

Матбуот анжуманида филиалнинг 2026 йил I чорагидаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, давлат идораларида бошқарув сифатини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда энг муҳим йўналишлардан бири бу янги имкониятларни аниқлаш ва драйвер соҳаларни шакллантириш ҳисобланади. Шу бўйича Бошқарув самарадорлиги агентлиги Тошкент вилояти филиали томонидан ҳар бир туман-шаҳар кесимида мавжуд ресурслар, иқтисодий салоҳият ва аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятлари чуқур таҳлил қилинмоқда. Амалга оширилган ўрганишлар натижасида ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари” аниқланяпти, маҳаллалар кесимида даромад манбалари таҳлил қилинмоқда ва аҳолини тадбиркорликка жалб этиш бўйича янги имкониятлар шакллантирилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, кичик саноат ва кооперация асосида ташкил этилган лойиҳалар ҳудудлар учун асосий драйверлар сифатида белгиланмоқда.

Шу билан бирга, янги имкониятларни аниқлашда бўш турган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш, ер ва инфратузилма имкониятларини ишга солиш, инвестицияларни жалб қилиш каби йўналишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Келгусида мазкур ишлар янада тизимлаштирилиб, ҳар бир маҳалла кесимида аниқ драйвер йўналишлар белгиланади, улар асосида манзилли лойиҳалар шакллантирилади ва ижроси қатъий назоратга олинади.

Тадбирда давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш фақат очиқ танлов асосида амалга оширилиши, бу жараёнда номзодлар нималарга эътибор қаратиши борасида маълумот берилди. 2026 йил ушбу йўналишда 1 минг 209 та вакант лавозим бўйича 2 минг 416 та танлов ўтказилди ва 21 минг 544 нафар номзоддан аризалар келиб тушди. Шундан, 550 нафар номзод танлов ғолиби деб топилди. Уларнинг 241 нафари соғлиқни сақлаш соҳасига тўғри келади.

– Давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда энг муҳим омиллардан бири бу инсон капитали, яъни давлат фуқаролик хизматчиларининг билим, кўникма ва малакаси ҳисобланади, – дейди Бошқарув самарадорлиги агентлиги Тошкент вилояти филиал раҳбари ўринбосари Мирзобек Ташбаев. – Шу боис, Агентлик томонидан кадрлар салоҳиятини тизимли равишда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Агентликнинг вилоят филиали томонидан 2025 йил давомида давлат хизматчиларининг замонавий билим ва кўникмаларини шакллантириш, уларнинг соҳавий тажрибасини ошириш мақсадида кенг кўламли ўқув дастурлари асосида ўқувлар ташкил этилди. Уларда 23 минг 957 нафар давлат хизматчиси иштирок этди. Шундан 5 минг 380 нафари анъанавий шаклда бўлса, 18 минг 577 нафари масофавий таълим орқали қамраб олинди. Бу кўрсаткичлар ўқув жараёнларининг нафақат кенг қамровли, балки замонавий ва мослашувчан форматда ташкил этилганини кўрсатади.
Бундан ташқари, масофавий таълим платформаси орқали давлат хизматчилари учун қатор муҳим курслар йўлга қўйилди. Улар орасида, “Давлат хизматига кириш”, “Давлат хизматчисининг этикаси”, “Иқтисодий билим асослари”, “Яшил энергетика”, “Энергия тежамкорлиги”, “Давлат хизматчисига зарур компетенциялар” каби йўналишлар алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ушбу курслар орқали давлат хизматчиларида нафақат касбий билимлар, балки замонавий фикрлаш, масъулият ва хизмат маданияти шакллантирилмоқда.
Тадбирда масъуллар томонидан давлат бошқарувида натижадорликни таъминлаш, ҳар бир раҳбар ва ходим фаолиятини аниқ мезонлар асосида баҳолаш мақсадида самарадорлик кўрсаткичлари ҳақида айтиб ўтилди. Журналистлар томонидан соҳага оид саволлар берилди, фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди. Мулоқот якунида мазкур соҳадаги тизимли ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишнинг самарали шаклларини қўллаш бўйича ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
А.Мусаев, ЎзА