5 минг доллар талаб қилган фирибгар ушланди
ДХХ Тошкент вилояти Бошқармаси ва вилоят ИЖҚК Департаменти ҳудудий бўлими ходимлари томонидан навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Унга кўра, илгари муқаддам судланган фуқаро Ю.Т. бошқа бир таниши Э.О.га юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали муаммосини ҳал қилиш мумкинлигига ишонтирган. Бунинг эвазига у жорий йил 19 апрель куни пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган автотураргоҳга келишилган пулни олиб келишни сўраган.
Тезкор тадбир давомида Ю.Т. томонидан Э.О. га Чилонзор туман ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаси билан қўзғатилган жиноят ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 5 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро қонунбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
А.Мусаев, ЎзА