Хотин-қизлар ҳуқуқлари – адолат мезони
Аёллар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Уларни жамият ҳаётига фаол жалб этиш нафақат ижтимоий адолатни таъминлайди, балки иқтисодий тараққиётга ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги қарори билан 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат жамиятнинг барча соҳаларида – сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, таълим, илм-фан, маданият ва спорт йўналишларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашни назарда тутади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Бугунги кунда хотин-қизлар давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, турли соҳаларда ўз ўрнини мустаҳкамламоқда. Жумладан, сув таъминоти тизимида ҳам аёллар салмоғи ошиб бормоқда. “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг тизим ташкилотларида 28 мингдан ортиқ ходим фаолият юритади, шулардан 4 минг 320 нафари хотин-қизлардир. Уларнинг 85 нафари раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда.
Хотин-қизларнинг билим ва кўникмаларини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Шу кунга қадар 88 нафар аёлга олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун тавсияномалар берилди. Шунингдек, юзлаб аёл ходимлар Корея, Франция, Туркия каби давлатларда малака ошириб қайтди.
Гендер тенгликни таъминлаш жамиятда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим омилдир. БМТ маълумотларига кўра, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш масаласи глобал муаммолар қаторида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.
Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни давлат бошқарувига кенг жалб этиш, зўравонликка қарши курашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу масала алоҳида эмас, балки умумий адолат тамойилининг ажралмас қисми сифатида қаралмоқда.

Шу мақсадда ўқув семинарлари ва амалий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 25-26 март кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Tashkent Water Week 2026” халқаро форуми доирасида “Women Water Week” тадбирлари ташкил этилди. Унда сув соҳасида фаолият юритаётган аёл мутахассислар иштирок этиб, ўзаро тажриба алмашди.

Тадбирда сув ресурсларини бошқариш, рақамли ва технологик инновациялар, озиқ-овқат хавфсизлиги, яшил стандартларни жорий этиш, инсон капиталини ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, хотин-қизлар етакчилигини кучайтириш, илмий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва раҳбарлик кўникмаларини шакллантиришга оид маърузалар тингланди.
“Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида аёл ходимлар учун бундай ўқув ва амалий тадбирларни мунтазам ташкил этиш режалаштирилган. Келгусида соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларнинг илмий изланишлар олиб бориши, олималар сафини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Хулоса қилиб айтганда, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш жамиятда адолат ва барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Нилуфар Сапаева,
“Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати ходими.
ЎзА