Театр: ёш ижодкорлар эътироф этилди
27 март – “Халқаро театр куни” муносабати билан юртимизда ўтказилган “Театр томошалари ҳафталиги” Андижон вилоятида ҳам юқори кўтаринкилик билан ўтди.
Ҳафталик доирасида Бобур номли Андижон вилояти мусиқали драма театри, вилоят Ёшлар ва Қўғирчоқ театрлари жамоалари томонидан турли маънавий, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, жамоалар ўз репертуарларидаги асарлар намойиши билан театр мухлисларига хуш кайфият улашди. Томошалар намойишларидан аввал театр ижодкорлари билан учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, ҳафталикнинг дастлабки кунларида драматург Комилжон Нишонов асари асосида режиссёр Муҳаммадамин Жабборов томонидан саҳналаштирилган “Оқибат”, драматург Нурилло Аббосхон асари асосида режиссёр Исақжон Эргашев томонидан саҳналаштирилган “Тақдир” спектакллари намойиш этилди.
Кейинги кунлари эса режиссёр Муҳаммадамин Жабборовнинг Ўткир Ҳошимов асари асосида саҳналаштирилган “Тўйлар муборак”, Абдулла Авлоний асари асосида саҳналаштирилган “Адвокатлик осонмас”, Беҳбудий асари асосида саҳналаштирилган “Падаркуш”, шунингдек, “Ой тутилган тунда” спектакллари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Спектакллар намойиши олдидан театр ижодкорлари Қаюмжон Шокиров, Тоҳиржон Матбобоев, Илҳомжон Мусаев, Отинчахон Бойматова билан ўтказилган учрашувлар театр мухлисларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Театр соҳаси фахрийлари, ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида “Театр томошалари ҳафталиги” якунига бағишланиб вилоят театрида ўтказилган тадбирда Андижон вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Марҳабохон Саттарова сўз олиб, соҳа ходимлари, ижодкорлар ва театр мухлисларини театр байрами билан муборакбод этди.

Тадбирда маданият ва театр санъати ривожи йўлида фидокорона меҳнат қилиб, соҳа равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, мазмунли ва самарали ижоди билан театр ихлосмандлари эътибори ва эътирофига сазовор бўлган вилоят театрларининг бир гуруҳ ёш ижодкорларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.