Депутат “Маҳалла еттилиги” аъзолари билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Руслан Жумамуратов Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги “Қусқанатау” овул фуқаролар йиғинида бўлиб, “Маҳалла еттилиги” аъзолари ва фаоллар билан учрашди.
Тадбир давомида депутат томонидан мамлакатимизда қонунчилик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларнинг мазмуни ҳамда уларнинг аҳоли ҳаётидаги аҳамияти бўйича атрофлича маълумот берилди. Айниқса, қонунларнинг амалиётда ижроси, фуқаролар манфаатларини таъминлашдаги ўрни алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, маҳаллада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнлари, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди. “Маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан билдирилган таклиф ва муаммолар тингланиб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди ҳамда ижроси тегишли тартибда назоратга олинди.
Учрашувда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ёшлар ўртасида профилактик тадбирларни кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маънавий-маърифий ишларни тизимли йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлаш, аҳоли билан мунтазам ва очиқ мулоқот олиб бориш орқали муаммоларни эрта аниқлаш ва манзилли чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Тадбирда илгари сурилган таклифлар асосида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида биргаликда ишлаш зарурлиги белгилаб олинди.

Депутат шу куни тумандаги 1-сонли умумтаълим мактабида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида “Мен ҳам кўчат экаман” акциясида иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА