Ҳисоб палатаси Жаҳон банкининг мақбул аудиторлар рўйхатига кириши мумкин
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида Жаҳон банкининг давлат молиявий бошқаруви бўйича мутахассиси Арман Ватян бошчилигидаги миссия вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ҳисоб палатаси фаолиятини такомиллаштириш, халқаро аудит стандартларини жорий этиш ва Жаҳон банки билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ҳисоб палатаси фаолияти молиявий текширувлардан халқаро стандартлар асосидаги аудитга йўналтирилиб, давлат молияси бўйича профессионал хулоса берувчи аудит органи сифатида ривожлантирилмоқда. Хусусан, палатага халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг молиявий аудитини ўтказиш ваколати берилди. Шунингдек, ISSAI талабларига мувофиқ молиявий аудит қўлланмаси ишлаб чиқилди.
Эндиликда асосий эътибор бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, самарасиз харажатларнинг олдини олиш ҳамда ажратилган ҳар бир сўмнинг натижадорлигини баҳолаш имконини берувчи самарадорлик аудитини ривожлантиришга қаратилмоқда.
Бу борада кадрлар салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳисоб палатаси очиқ танлов асосида хорижий олий таълим муассасаларини тамомлаган ва халқаро касбий сертификатларга эга мутахассислар билан тўлдирилмоқда. Аудиторлар эса ACCA ва PESA дастурлари асосида малакасини оширмоқда.
Шу билан бирга, аудит сифатини оралиқ назорат қилиш ҳамда давлат ташкилотларининг 300 га яқин маълумотлар базасини бирлаштирган ҳолда бюджет хавфларини реал вақт режимида кузатиш тизими жорий этилган.
Учрашувда Ҳисоб палатаси томонидан илк бор Жаҳон банки молиялаштирган «EduImkon» дастурининг молиявий аудити ўтказилгани ҳам қайд этилди. Мазкур аудит палатанинг халқаро аудиторлик ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширган биринчи қўшма аудити бўлди. Жаҳон банки вакиллари аудит натижаларини юқори баҳолаб, уларни қабул қилганини тасдиқлади.
Музокаралардаги муҳим йўналишлардан бири Ҳисоб палатасини Жаҳон банки молиялаштирадиган лойиҳалар аудитини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган мақбул аудиторлар рўйхатига киритиш масаласи бўлди.
Бунинг учун дастлаб палата ўз аудиторларининг малакаси, аудит сифатини назорат қилиш тартиби ва якунланган молиявий аудитлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. Жаҳон банки мутахассислари эса тақдим этилган маълумотлар асосида тўртта аудитни танлаб, уларнинг режалаштирилиши, далиллар тўпланиши ва якуний хулосалар чиқарилиши жараёнларини ўрганади.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши самарадорлик аудитини жорий этиш ҳисобланади. Бунда, масалан, сув таъминотига ажратилган маблағлар аҳолини мунтазам ичимлик суви билан таъминлашга қанчалик хизмат қилаётгани каби масалалар таҳлил қилинади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА