"Иссиқлик электр станциялари" АЖ экологик самарадорликни оширмоқда
"Иссиқлик электр станциялари" АЖ тизимида электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш билан бир қаторда, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига экологик ёндашувни жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, корхоналарда 13 та чанг-газ тозалаш қурилмаси, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташланмаларни назорат қилиш учун 19 та автоматик мониторинг станцияси ва 20 та экологик кузатув пости фаолият юритмоқда. Ҳаво ва сув сифати 9 та экологик лабораторияда мунтазам таҳлил қилинади.
Сув ресурсларини тежаш мақсадида 13 та локал тозалаш иншоотида йилига 25,9 миллион куб метр сув тозаланиб, унинг 17,8 миллион куб метри ишлаб чиқариш жараёнига қайта йўналтирилмоқда.
Шунингдек, 2026-2030 йилларга мўлжалланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш дастури тасдиқланган. Унда сувни қайта ишлатиш, ҳисобини рақамлаштириш, саноат оқова сувлари ташланадиган нуқталарда автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш, сув танқис ҳудудларда тозалаш иншоотларини лойиҳалаштириш ва ичимлик суви сарфини камайтириш чоралари белгиланган.
Тизим корхоналарида умумий қуввати 15,9 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишламоқда. Улар йилига қарийб 24 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 7,6 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини бермоқда. Бунинг натижасида атмосферага йилига 12,5 минг тонна карбонат ангидрид чиқарилишининг олди олинмоқда.
"Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида 2021-2026 йилларда тизим корхоналари ва уларга туташ ҳудудларда 596 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Ҳисоб-китобларга кўра, улар вояга етгач, йилига 10 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидридни ютиши кутилмоқда.
Чиқиндиларни бошқариш ва ерларни рекультивация қилиш йўналишида 2026 йил январь-сентябрь ойларида 3,9 гектар ер майдони тикланди. Шунингдек, чиқиндилар йўналишида 50 та экосертификат, технологик жараёнлар бўйича эса 15 та "яшил" сертификат олинган.
Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида "Иссиқлик электр станциялари" АЖ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Наргис Валиева иштирокида ўтказилган брифингда маълумот берилди.
Брифингда экологик мониторингни такомиллаштириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш ва халқаро стандартларни жорий этиш борасидаги чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА