ЎзЛиДеП: халқ манфаатининг устувор йўналиши
Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгашининг XV конференциясида партиянинг ўтган даврдаги фаолияти сарҳисоб қилиниши билан бирга, кўплаб саволлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев ўз маърузасида ҳудуднинг саноат салоҳияти, йирик ишлаб чиқариш корхоналаридаги бошланғич партия ташкилотлари фаолиятига алоҳида тўхталди. Жумладан, “Ўзметкомбинат”, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Оҳангаронцемент” ва “Бекободцемент” каби корхоналарда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, ёш мутахассисларга устоз бириктиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда қуйи бўғинларнинг ўрни муҳим экани таъкидланди. Зеро, бундай таклифлар, аввало, бевосита ишлаб чиқариш жараёнида, меҳнат жамоалари орасида шаклланади.

Конференцияда партиянинг сўнгги икки йиллик фаолияти депутатлик сўровлари, жамоатчилик эшитувлари ва сайёр қабуллар натижалари асосида таҳлил қилинди. “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида депутатлар, тадбиркорлар ва мутасадди идоралар вакиллари маҳаллаларга чиқиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўрганди. Бандликни таъминлаш, уй-жойларни таъмирлаш, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун молиявий кўмак олиш каби мурожаатлар жойида кўриб чиқилди.
Шунингдек, “Ишбилармон аёл” танлови орқали тадбиркорликка қизиқувчи хотин-қизлар билан ишлаш йўлга қўйилган бўлса, рақамли технологиялар ва стартапларга бағишланган лойиҳалар ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Муҳокамалар давомида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда натижадорликни ошириш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бунда мурожаат этган шахс муаммоси қайси идорага юборилгани, уни ҳал этиш юзасидан қандай чоралар кўрилаётгани ва қачон жавоб олишини билиши зарурлиги қайд этилди.
Декабрь ойида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги Конгресс олдидан туман ва шаҳар конференцияларида билдирилган таклифлар вилоят миқёсида умумлаштирилди. Янги Сиёсий дастур лойиҳаси муҳокамасида хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, эркин рақобат муҳитини ривожлантириш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш ва инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларга устувор аҳамият қаратилди.

Дастурни шакллантиришда тадбиркор ва фермерлар билан бир қаторда муҳандислар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг таклифларини ҳам инобатга олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, партия Уставини такомиллаштириш, бошланғич партия ташкилотларининг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорлигини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
– Бугунги конференцияда партиянинг келгуси фаолияти, мавжуд муаммолар ва янги вазифалар муҳокама қилиниб, Конгрессга делегатлар сайланди, – дейди Халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгашидаги партия депутати, конференция делегати Мадҳия Нишонова. – Бу жараёнда ҳар бир партия фаолининг фикри ва таклифи муҳим, деб ҳисоблайман. Партия бугунги ўзгаришларга мослашиши, дастурини янгилаши ва бу жараён халқ фикри асосида амалга оширилиши керак. Мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиёт, тадбиркорлик муҳити, аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари ўзгариб, янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, сиёсий партия ҳам замон билан ҳамнафас бўлиши, ўз фаолиятини бугунги воқеликдан келиб чиқиб ташкил этиши лозим. ЎзЛиДеПнинг амалдаги Сиёсий дастурини қайта кўриб чиқиш ва янгилаш зарурати ҳам шундан келиб чиқади. Асосий мақсадимиз – халқнинг талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган, мамлакатимиздаги ислоҳотларга ҳамоҳанг ва амалий натижаларга йўналтирилган янги Сиёсий дастурни қабул қилиш.

Конференция якунида делегатлар олдига ҳар бир ташаббусни аниқ ҳаётий мисоллар билан асослаш, уни амалга ошириш қайси даражадаги ваколатларга тааллуқли эканини белгилаш вазифаси қўйилди. Хусусан, маҳаллий Кенгашлар ваколати доирасида ҳал этиладиган масалаларни депутатлик гуруҳлари орқали кўриб чиқиш, парламент фракцияси эътиборига ҳавола этиладиган таклифларни алоҳида шакллантириш ҳамда партиянинг янги Сиёсий дастурида акс этиши лозим бўлган ташаббусларни умумлаштириш зарурлиги таъкидланди.
А.Мусаев, ЎзА