Олмаотада Ўзбекистон – Қозоғистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, ўзаро товар айланмасини ошириш ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан самарали ишлар ташкил этилмоқда.
Айни мақсадларда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегацияси Олмаота шаҳрида бўлиб, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ташкил этилган бизнес-форумда қатнашди.
Тадбир доирасида 300 нафарга яқин тадбиркор иштирокида маҳсулотлар кўргазмаси, B2B учрашувлари, шунингдек, давлат идоралари ва бизнес вакиллари ўртасида G2B музокаралари ўтказилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Шерзод Ибрагимов, мамлакатимизнинг Қозоғистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Ибрагимов ва ҳудудий тадбиркорлар палатаси директори Чингизхон Маманов иштирокидаги мулоқотлар давомида экспорт ва импорт ҳажмини ошириш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.
Жумладан. логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда истиқболли инвестиция ташаббусларини амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилди, дейилади Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси маълумотида.
Форум икки мамлакат тадбиркорлари учун янги ҳамкорлар топиш, тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини ўрнатиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни бошлаш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА