Халқаро анжуман қатнашчилари Самарқандда
Дунё амалиётида илк бор нишонланган “Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни” муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро анжуман иштирокчилари бугун кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар дастлаб Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида бўлиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янгидан бунёд этилган ушбу қадамжонинг тарихи ва буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган мақоми ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлди. Мажмуа инновацион музейи билан танишув, муқаддас ислом дини ривожида заминимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар, муҳаддислар ҳақида берилган маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.


Конференция иштирокчилари Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар, туристик объектларда ҳам бўлиб, юртимиз тарихи ва аждодларимизнинг бой маънавий мероси билан яқиндан танишди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 29 апрель куни БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббус асосида илк бор ўтказилган анжуманда 30 га яқин хорижий давлатдан 100 дан ортиқ мутахассис ва экспертлар иштирок этди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари