Форишда янги шаҳарча барпо этилади
Жиззах вилоятининг тоғ ва адирлар бағрида, кенг даштликларида жойлашган Фориш туманида аҳоли учун муносиб турмуш муҳитини шакллантирадиган, уй-жой, ижтимоий объектлар ва муҳандислик инфратузилмасини ягона мажмуага бирлаштирадиган йирик шаҳарсозлик лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Туманнинг “Хонбанди” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 50 гектар майдонни қамраб олувчи замонавий шаҳарча барпо этиш ишларининг бошлангани ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодасидир. Лойиҳа қиймати 1 триллион 295 миллиард сўм бўлиб, унинг кўлами рақамлардагина эмас, балки келажакда бу ҳудудда қарор топадиган янги ҳаёт тарзида намоён бўлади.
Бош режага кўра, янги шаҳарчада жами 74 та кўп қаватли турар жой биноси қад ростлайди. Уларнинг 51 таси 5 қаватли, 23 таси эса 7 қаватли бўлади. Натижада 3 минг 17 та хонадон учун замонавий ва қулай яшаш шароити яратилади. Шундан 2 хонали хонадонлар 2 минг 185 та, 3 хонали хонадонлар эса 832 тани ташкил этади. Турар жойларнинг умумий майдони 159 минг 500 квадрат метр.

Бироқ шаҳарча тушунчаси фақат уй-жойлар билан чекланмайди. Зеро, одамга фақат уй эмас, аввало, муносиб ҳаёт муҳити керак. Шу боис лойиҳада жами 10 минг 500 квадрат метр нотурар жой майдонларини барпо этиш, зарур ижтимоий объектлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт ҳамда ободонлаштириш ҳудудларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Лойиҳа маълумотларида ижтимоий соҳа объектларига 152 миллиард сўм, муҳандислик тармоқларига эса 214 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланган. Турар жойлар қурилиши учун 929 миллиард сўм сарфланади. Бу рақамларнинг ҳар бири бир мақсадга – янги шаҳарчада инсон учун зарур шароитларни уй-жойдан тортиб муҳандислик коммуникацияларигача яхлит ҳолда яратишга хизмат қилади.

Бош режада ҳудудни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга алоҳида ўрин берилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Янги уйлар орасида яшил майдонлар, болалар ва спорт майдончалари, пиёдалар учун қулай йўлаклар ташкил этилиши шаҳарчани шунчаки бинолар жамланмаси эмас, балки яшаш учун қулай масканга айлантириш имконини беради.
Бу жиҳат, айниқса, муҳим. Чунки замонавий шаҳарсозликда уйларни баланд қилиб қуришнинг ўзи етарли эмас. Уй билан мактаб, поликлиника, спорт майдони, йўл, ичимлик суви, электр энергияси ва бошқа коммуникациялар ўзаро уйғун бўлсагина ҳудуд ҳақиқий шаҳар муҳитига эга бўлади. Форишдаги лойиҳа ҳам ана шу комплекс ёндашув асосида шакллантирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 февралдаги “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам аҳолини замонавий уй-жой билан таъминлаш, кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш ва соҳада комплекс ёндашувни кучайтиришга устувор вазифа сифатида қаралган. Ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг жойлардаги амалий ифодаси сифатида уй-жой билан бирга инфратузилма ва ижтимоий объектларни қамраб олган лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани муҳим аҳамият касб этади.
Форишда бошланган қурилишни ҳам ана шу жараённинг бир бўлаги сифатида баҳолаш мумкин. Эътиборлиси, бу ерда лойиҳалашдан тортиб қурилишгача бўлган жараён шаҳарсозлик меъёрлари ва замонавий талаблар асосида ташкил этилмоқда.

Янги шаҳарчанинг яна бир муҳим жиҳати, унинг туман ҳаётига таъсири. Йирик қурилиш жараёнининг ўзи янги меҳнат имкониятларини юзага келтиради. Кейинчалик уй-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ижтимоий муассасалар фаолияти йўлга қўйилиши билан бу ҳудудда иқтисодий фаоллик ҳам ортади. Бу эса аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Форишдаги “Хонбанди” ҳудуди бугун қурилиш майдони бўлиши мумкин. Аммо бош режа чизиқларида аллақачон эртанги шаҳарнинг қиёфаси кўриниб турибди: 74 та кўп қаватли уй, ижтимоий объектлар, муҳандислик тармоқлари ва обод яшил ҳудудлар...

Бу рақамларнинг ортида инсон тақдири, оила фаровонлиги ва муносиб яшаш истаги мужассам. Шу маънода Форишда барпо этилаётган замонавий шаҳарча туманнинг бугунги қиёфасини эмас, унинг эртанги манзарасини белгилайдиган улкан бунёдкорлик қадамидир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири