Ўзбекистон ва Литва: ўзаро манфаатли ташаббусларни парламентлар қўллаб-қувватлайди
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев бошчилигидаги Олий Мажлис делегацияси Литва Республикасида бўлди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Литва ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар аъзоларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Литва Сейми ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг хорижий давлатлар парламентлари билан алоқалари янги мазмун билан бойиб, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан икки давлат ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар фаолиятини янада фаоллаштириш, мунтазам учрашув ва музокараларни йўлга қўйиш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш ҳамда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда парламент назорати, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳудудларни ривожлантириш, экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Икки давлат ўртасида дўстона муносабатларни изчил ривожлантиришда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, ўзаро ташрифларни мунтазам ташкил этиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Ташриф мобайнида Ўзбекистон ва Литва парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда парламентлараро алоқаларни фаоллаширишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА