Қувасойлик тадбиркорлар ташаббуслари ва янги лойиҳалари муҳокама қилинди
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар бизнес муҳитини яхшилаш орқали фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янгича тизимига асос солди.
Хусусан, банк ходимларининг жойларга бориб, бевосита ҳудуднинг ўзида маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар билан мулоқот қилиши анъана тусини олди. Жумладан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ раҳбарияти ҳам ҳудудларда тадбиркорлар ва ташаббускорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этиш орқали уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларга ечим топиш ва янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича ишларни изчил давом эттирмоқда.
Навбатдаги очиқ мулоқот ҳам банк бошқаруви раиси иштирокида Қувасой шаҳрида ўтказилди. Учрашувда ҳудуддаги тадбиркорлар ва ташаббускорларнинг таклифлари, бизнес фаолиятини кенгайтиришга оид режалари ҳамда мавжуд масалалар бевосита ўрганилди.
Мулоқот давомида тадбиркорларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал этиш, истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишларини кенгайтириш, шунингдек, янги иш ўринлари яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Бунда асосий эътибор ҳар бир тадбиркорнинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ёндашувни шакллантиришга қаратилди. Хусусан, молиялаштиришга эҳтиёж сезаётган лойиҳаларни аниқлаш, уларнинг иқтисодий салоҳиятини баҳолаш ва амалга ошириш жараёнида зарур кўмакни кўрсатиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Қувасой шаҳрида янги бизнес ташаббусларини рағбатлантириш, мавжуд тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини кенгайтириш ва аҳоли учун барқарор даромад манбаларини яратиш бўйича имкониятлар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, маҳаллаларнинг мавжуд иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, ҳудуд учун истиқболли бўлган лойиҳаларни илгари суриш ва уларни амалга оширишда банкнинг молиявий инструментларидан кенг фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Очиқ мулоқот давомида билдирилган ҳар бир таклиф ва мурожаат бўйича масъуллар томонидан тегишли ёндашувлар белгилаб олинди. Истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш, тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтириш ва янги ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий чоралар кўриш юзасидан келишиб олинди.
Шу билан бирга, мулоқот доирасида банк раҳбарияти жойларга чиқиб, бир қатор лойиҳалар билан бевосита танишди. Хусусан, Қувасой шаҳридаги “Боғбон” МФЙ ҳудудида фаолият олиб борувчи “ОсиёЗаминШарбати” фермер хўжалигида бўлиб, 55 сотих майдонга экилган қорағат етиштириш лойиҳаси кўздан кечирилди. Эътиборлиси, янги кўчат икки йилда ҳосилга кириб, 12 йил давомида кетма-кет ҳосил беради.
Лойиҳа ташаббускорлари билан соҳани янада ривожлантириш, бу йўлда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва тадбиркорнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш борасида фикр алмашилди.

“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бундай мулоқотларни мунтазам равишда ташкил этган ҳолда, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга молиявий ва амалий кўмак кўрсатиш ҳамда ҳудудларда янги иқтисодий имкониятларни ишга солишга хизмат қиладиган лойиҳаларни фаол молиялаштиришни давом эттиради.
Бизнесни ривожлантириш банки
ахборот хизмати