Пайариқлик фуқаро ҳовлисидан бронза даврига оид ашёлар топилди
Самарқанд вилоятининг Пайариқ тумани Дарвозағаза қишлоғида яшовчи фуқаро ҳовлисидан ер қазиш ишлари жараёнида қадимий қабр қолдиқлари аниқланди.
Қазиш жараёнида инсон суяк қолдиқлари, бронзадан ясалган билакузуклар, турли тақинчоқлар ва майда мунчоқлар топилган. Фуқаро бу ҳақда Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтига хабар бергач, институт мутахассислари томонидан топилма жойи кўздан кечирилди. Аниқланган археологик ашёлар ва инсон суяк қолдиқлари белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, илмий ўрганиш учун қабул қилиб олинди.

– Дастлабки кузатувларга кўра, топилган бронза билакузукларнинг айримлари конуссимон учлари ва спиралсимон безаклари билан ажралиб туради, – дейди Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов. – Уларнинг шакли ва безак хусусиятлари бронза даврининг сўнгги босқичида яшаган дашт чорвадор қабилалари маданиятига хос тақинчоқлар билан ўхшаш. Зарафшон водийсидаги қатор манзилгоҳ ва қабристонлардан ҳам бронза даврига оид, дашт чорвадор аҳолисининг маданияти билан боғлиқ археологик материаллар аниқланган.
Бундай ёдгорликлар, одатда, милоддан аввалги XIII-X асрлар билан тасниф қилинади ва Андроново – Тозабоғёб маданий доираси билан боғланади. Ҳозирча, Дарвозағаза қишлоғида аниқланган янги топилманинг аниқ даври ва маданий мансублиги узил-кесил белгиланмади. Мазкур масалага махсус археологик қазишмалар, антропологик тадқиқотлар ҳамда металл буюмларнинг лаборатория таҳлиллари натижасида аниқлик киритилиши маълум қилинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири