Текширувдан – сервисга
Бугун солиқ идоралари фаолияти “Текширувдан – сервисга” тамойили асосида ташкил этилмоқда. Бу эса тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга амалий кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси ходимлари Қарши шаҳридаги “Sulton Tex Group” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, корхона масъулларига қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан тушунтиришлар берди.
2018 йилда ташкил этилган мазкур корхонада пахта толасини етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнлар йўлга қўйилган. Бу ерда 10 турдаги тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрланиб, Россия ва Польшага экспорт қилинмоқда.
Кластерда 1000 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлиб, ишчиларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ташкил этади.
Ташриф давомида солиқ идораси ходимлари корхона ҳисобчилари билан мулоқот ўтказиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
[gallery-29271]
– Корхонамиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар учун тенг шароит ва адолатли рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган фармони асосида қатор имтиёзлардан фойдаланмоқда, – дейди корхона ҳисобчиси Сарвиноз Шамсиддинова.
Қайд этилганидек, корхона фойда солиғини 2 фоиз, ижтимоий солиқни эса 1 фоиз ставкада тўлаб келмоқда.
Учрашувда тадбиркорларга янги қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти тушунтирилиб, бухгалтерия ва солиқ ҳисоботига оид масалалар юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари