Фермер хўжаликларининг мол-мулки хатланди
Сирдарё вилоятида электр энергиясидан қарздор бўлган фермер хўжаликлари билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Сирдарё бўлинмаси ҳамда Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирлари давомида қарздор фермер хўжаликларининг мол-мулкларига нисбатан хатлов чоралари кўрилди.

Жумладан, “К.Й.Ф” фермер хўжалигининг 42 млн сўм, шунингдек, “У.Ж” фермер хўжалигининг 40,9 млн сўм миқдоридаги электр энергияси қарздорлиги аниқланиб, уларнинг мол-мулклари белгиланган тартибда хатланди ҳамда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Боёвут туман бўлими томонидан қонунчиликка мувофиқ тарзда ижрога қаратилган бўлиб, қарздорликни ундириш бўйича мажбурий чоралар давом эттирилмоқда.

– Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, қарздорлик ўз вақтида бартараф этилмаган тақдирда қўшимча ижро чоралари, жумладан, мол-мулкни реализация қилиш ҳамда бошқа мажбурий ундирув чоралари қўлланилиши мумкин. Бу каби амалий ишлар электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, қарздорлик ҳолатларини қисқартириш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади, – дейди Бюронинг Боёвут туман бўлими бошлиғи ўринбосари Жамшид Тўраев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири