Қардошлик ва ишонч рамзи
Кўҳна ва боқий Бухоро яна бир нуфузли халқаро учрашувга мезбонлик қилди. Мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия Республикаси Конституциявий суди президенти Қодир Ўзкая бошчилигидаги делегация Бухоро вилоятида бўлди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди. Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари нафақат стратегик шериклик, балки асрлар синовидан ўтган муштарак қадриятлар, тарихий яқинлик ва қардошлик ришталарига таяниши алоҳида таъкидланди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва очиқ мулоқот туфайли Ўзбекистон – Туркия муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилди. Айниқса, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалар билан бир қаторда ҳуқуқий давлатчилик, суд-ҳуқуқ тизими ва конституциявий тараққиёт йўналишида ҳам ҳамкорлик изчил мустаҳкамланмоқда.
Учрашув давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Бухоро вилояти мисолида ҳам ўзининг амалий натижаларини бераётгани таъкидланди. Бугунги кунда ҳудудда инвестициявий муҳит тобора яхшиланиб, йирик инфратузилма лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Замонавий технологияларга асосланган саноат корхоналари, қурилиш ва ишлаб чиқариш объектлари барпо этилаётгани, қишлоқ хўжалигида илғор ёндашувлар кенг жорий қилинаётгани айтиб ўтилди.
Айниқса, тарихий меросни асраб-авайлаш ва уни жаҳон туризм марказларидан бири сифатида ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ўз навбатида, Туркия Республикаси Конституциявий суди президенти Қодир Ўзкая самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Бухоро азалдан илм-фан, маърифат ва маданият маркази сифатида дунё тамаддунида алоҳида ўрин тутиб келганини таъкидлади.
[gallery-29276]
Ташриф давомида делегация аъзолари Бухоронинг ноёб тарихий ва меъморий ёдгорликларини зиёрат қилди. Кўҳна шаҳарнинг асрлар силсиласини ўзида мужассам этган обидалари, миллий қадриятлар ва юксак меҳмондўстлик муҳити меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ҳуқуқий ҳамкорлик, маданий алмашинув ва ўзаро ишончни янги босқичга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.