Дала семинарида инновацион ечимлар намойиш этилди
Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга қаратилган амалий семинар ва инновацион кўргазма бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туман ҳокимликлари, сув хўжалиги ташкилотлари, кластерлар, фермерлар ва агросоҳада фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда асосий эътибор қишлоқ хўжалигида сув ва ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ер унумдорлигини сақлаш ҳамда илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ қилиш масалаларига қаратилди.
Семинарда қатнашган Эркинжон Турдимов соҳада юқори натижага фақат илмий ёндашув орқали эришиш мумкинлигини таъкидлади.
– Бугун Президентимиз ҳар бир иш илм асосида бўлиши кераклигини таъкидламоқда. Бу семинар ҳам ана шу вазифаларнинг амалий ифодаси. Энди ҳар бир қадамимиз илмий ёндашув билан бўлиши зарур. Фақат кўриб кетиш эмас, ўрганиб, татбиқ қилиб, ишлаб чиқаришга жорий этиш керак. Илм бор жойда ҳосилдорлик ҳам, самара ҳам бўлади, – деди вилоят ҳокими.
Семинар давомида дрон орқали агрохизмат кўрсатиш, мелиорация мобил лабораторияси, энергия тежовчи ускуналар, уруғларга плазмали ишлов бериш, биоўғитлардан самарали фойдаланиш ҳамда тупроқ намлигини назорат қилувчи сенсор тизимлари тақдим этилди.

Айниқса, сув танқислиги шароитида тупроқ намлигини аниқ ўлчайдиган сенсорлар ва томчилатиб суғориш технологиялари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар замонавий технологияларнинг ишлаш жараёнини амалда кўрсатиб, уларнинг иқтисодий самараси ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбир доирасида вилоят ҳокимлиги ва университет ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, илмий ишланмаларни ҳудудларга жорий этиш, агросоҳада мутахассислар тайёрлаш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари янада кучайтирилади.

– Бу галги тадбир оддий йиғин эмас, ҳақиқий дала семинари бўлди. Фермерлар ўзларини қийнаётган масалаларга шу ернинг ўзида амалий ечим олди. Ер унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолатни яхшилаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича олимлар аниқ тавсиялар берди. Энг муҳими, бу назарий эмас, амалий ишланмалардир, – деди университет ректори Баҳодир Мирзаев.
Семинарда иштирок этган кластер раҳбари Комилхўжа Эшонхонов ҳам қишлоқ хўжалигида янги ёндашув шаклланаётганини қайд этди.

Унинг таъкидлашича, янги технологиялар тупроқ таркиби ва ўсимликларнинг вегетация жараёнини таҳлил қилиш орқали қайси ўғитни қанча миқдорда ва қайси вақтда бериш кераклигини аниқ кўрсатиб беради. Бу эса ортиқча сарф-харажатларни қисқартириш, тупроқ шўрланишининг олдини олиш ва ҳосилдорликни ошириш имконини яратмоқда.
Кўргазма қисмида иштирокчилар дронлар, мобил лабораториялар, плазма технологиялари ва бошқа замонавий қурилмалар билан яқиндан танишди. Мутахассислар уларнинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот бериб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири