Сенатор аҳоли муаммоларини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинаётган қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарали ижроси, энг, аввало, жойлардаги ҳақиқий ҳолатни чуқур ўрганиш ва аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишга боғлиқ.
Шу мақсадда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Орал Атаниязованинг Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманига ташрифи ҳудудда давлат сиёсати ижросини таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга аниқ ечимлар ишлаб чиқишга қаратилди.
Сенатор “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ўтказди. Учрашув жараёнида аҳолининг долзарб муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқ берилди. Айниқса, яқинда юз берган кучли шамол оқибатида жабр кўрган хонадонларга амалий ёрдам кўрсатиш механизмларини ишлаб чиқиш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди.

Шунингдек, туман ҳокими ва мутасадди ташкилотлар вакиллари билан ўтказилган ишчи мулоқотда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий хизматлар сифатини оширишга доир масалалар комплекс таҳлил қилинди.
Сенаторнинг навбатдаги манзили тумандаги 21-сонли умумтаълим мактаби бўлиб, у ерда таълим тизимидаги долзарб масалалар бўйича давра суҳбати ташкил этилди. Педагоглар ва таълим муассасаси раҳбарияти билан мулоқот чоғида ёш авлод, айниқса, қизларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва маънавий-маърифий тарбияни кучайтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Шу билан бирга, мактабларда аутсорсинг асосида етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги ўрганилди. Олиб борилган таҳлиллар натижасида бошланғич синф ўқувчилари учун тақдим этилаётган озиқ-овқат таъминоти тасдиқланган таомнома талабларига тўлиқ жавоб бермаётгани аниқланди.

Учрашувларда, шунингдек, ўқувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, экологик маданият ва шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, тўғри овқатланиш кўникмаларини шакллантириш бўйича тизимли тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Мактаб жамоаси томонидан илгари сурилган футбол майдончаси қуриш ташаббуси ҳам кенг жамоатчилик манфаатига мос экани қайд этилди. Зеро, 550 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган мазкур таълим муассасасида спорт инфратузилмасини ривожлантириш нафақат ёшлар, балки маҳалладаги катта ёшдаги аҳоли учун ҳам соғлом дам олиш ва жисмоний фаолликни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Якунда сенатор Орал Атаниязова барча кўтарилган масалалар шахсий назоратига олинишини маълум қилиб, футбол майдончасини барпо этиш лойиҳасини грант асосида молиялаштириш учун Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига тақдим этиш юзасидан ҳуқуқий маслаҳат берди.
Ушбу ташриф давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга самарали ечимлар топиш, шунингдек, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА