Жамоат транспортидан бепул фойдаланувчи фуқаролар тоифаси кенгайтирилди
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2026 йил 17 апрелда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ушбу йўналишдаги ислоҳотлар давом эттирилиши билан боғлиқ.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев мазкур қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида гапириб берди:
– Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифалари ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилмоқда.
Янги қонун билан амалдаги айрим қонунларга жамоат транспортидан бепул фойдаланувчи фуқаролар тоифасини кенгайтиришни кўзда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга “1941 - 1945 йиллардаги уруш ногиронлари” учун белгиланган имтиёз “уларга тенглаштирилган шахслар”га ҳам татбиқ этилади.
Ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахслар ҳамда уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахс учун учун белгиланган жамоат транспортидан бепул фойдаланиш имтиёзиI гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахслар учун ҳам сақлаб қолинди.
Қонун билан “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги қонунга давлат органларидан ташқари уларнинг мансабдор шахслари учун ҳам ташувчиларнинг хўжалик фаолиятига аралашишга ҳамда ушбу ташувчиларнинг ишлаётган ходимларини бошқа ишларга жалб этишга ҳақли эмаслиги нормаси киритилди.
Албатта, бундан табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келган, фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳоллар мустасно.
Амалдаги Солиқ кодексида фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ёки мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинган.
Эндиликда Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ ушбу имтиёз уч ёшдан ўн саккиз ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматидан фойдаланадиган ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) учун ҳам татбиқ этилади.
Нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини ижтимоий солиқдан ташқари барча турдаги солиқларни тўлашдан 2030 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод қилиниши бўйича белгиланган имтиёз, уч ёшдан ўн саккиз ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ҳам татбиқ этилади.
“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ишга жойлаштириш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, маҳаллий меҳнат органлари томонидан иш қидираётган шахсларга ва ишсиз шахсларга кўрсатиладиган хизматлар турларига “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг талабномаси асосида маҳаллий меҳнат органларига рўйхати тақдим этилган, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизларни йўлланма бўйича давлат ташкилотларига ҳамда давлат улуши эллик фоиз ва ундан юқори бўлган ташкилотларга ишга жойлаштириш хизматлари ҳам киритилди.
Қонун ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтирди. Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд айрим тоифаларига қўшимча қулайликлар яратилиши ҳамда уларнинг ишга жойлашишга доир ҳуқуқлари кафолатлари мустаҳкамланди.
Норгул Абдураимова, ЎзА