Ёшлар бандлиги масаласи муҳокама марказида
Ёшлар ишлари агентлигида олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳамда меҳнат бозорига мослаштириш масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралар иштирокида муҳим йиғилиш бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг февраль ойида ўтказилган йиғилишда ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётгани, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллионга етиши алоҳида қайд этилган эди.
Шунга кўра, мазкур учрашувда жараённи қийинлаштираётган омиллар чуқур таҳлил қилиниб, амалий таклифлар кўриб чиқилди.

Жумладан, ишга жойлашишдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва механизмларни соддалаштириш, ёш мутахассисларни касбга йўналтириш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ҳудудлардаги тадбиркорлик субъектлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича манзилли иш ўринларига йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида идоралараро ҳамкорлик режаси ишлаб чиқилиб, битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича биргаликда амалга ошириладиган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА