Ижод ва илҳом байрами
Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройида “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”га бағишланган халқаро анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар мазкур фестиваль миллий санъатимизнинг бой меросини тарғиб этиш, ижодий алмашинувни ривожлантириш, янги истеъдодларни юзага чиқариш ҳамда турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Жорий йилнинг 20-24 апрель кунлари ўтказилиши белгиланган халқаро анжуман барча ихлосмандларни бирлаштирган кенг кўламли маданий тадбирлар санъат байрами, ижоднинг катта майдон эканлиги қайд этилди.
[gallery-28897]
Ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган фестиваль доирасида рассомларнинг кўргазмалари, маҳорат дарслари, анъанавий ва замонавий либослар кўргазмаси, ёш ва тажрибали рассомлар иштирокидаги Оролбўйининг бетакрор табиат манзаралари акс эттирилган асарлар, юртимизнинг турли жойларига саёҳатлар, танловлар ўтказилиши белгиланган.
Шунингдек, фестиваль давомида санъат соҳасининг таниқли вакиллари ҳаёти ва ижодига бағишланган тематик кўргазмалар, ижодий учрашувлар ва очиқ мулоқотлар ҳам ташкил этилади.
Фестиваль якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар, устоз ўқитувчилар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан медаль, диплом ва сертификат билан тақдирланади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА