Саҳнада мактаб ансамбллари
Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театри саҳнаси бу гал нафақат мусиқа, балки ёш қалблар орзу-умидларининг жонли садоларига тўлди. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Иқтидор” мактаб ансамбллари танловининг вилоят босқичи чин маънода санъат байрамига айланди.
Мазкур танлов вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда унинг шаҳар ва туман бўлимлари, “Келажак” марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унинг бош мақсади ёш авлод қалбидаги ижодий учқунни алангалатиш, уларни санъат оламига ошно этиш, яширин иқтидорларни кашф қилишдир.
Рақамлар жараённинг кўлами ва таъсирини яққол кўрсатади. Вилоятдаги 567 та мактабдан 405 та жамоанинг рўйхатдан ўтгани танловга қизиқиш юқори эканидан далолат беради. Туман ва шаҳар босқичларида Арнасойдан Зомингача, Ғаллаоролдан Пахтакоргача бўлган ҳудудларда минглаб ўқувчилар саҳнага чиқиб, ўз иқтидорини намоён этди. Жами 380 та жамоада 2479 нафар ўқувчининг иштирок этгани лойиҳанинг кенг қамровини янада ойдинлаштиради.
Катта саҳнада янграган ҳар бир куй, ижро этилган ҳар бир қўшиқ ортида ёш ижрочиларнинг меҳнати, изланиши ва санъатга бўлган беқиёс муҳаббати мужассам эди.
Танлов иштирокчилари учун “Иқтидор” нафақат беллашув, балки ўзини англаш ва салоҳиятини намоён этиш майдони бўлиб хизмат қилди. У орқали ёшлар санъатнинг жозибали оламига қадам қўйиб, миллий қадриятлар руҳида камол топаётганини теран ҳис этдилар.
[gallery-29272]
Якуний босқичда ҳакамлар ҳайъати чиқишларни холисона баҳолаб, муносибларни саралади. Унга кўра, Зомин туманидан қатнашган “Сумбула” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Ғаллаорол туманининг “Ёш созандалар”, учинчи ўрин эса Зарбдор туманининг “Афсона” жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва иштирокчиларга дипломлар, эсдалик совғалари ҳамда республика босқичида иштирок этиш йўлланмалари тантанали равишда топширилди. Бу эътирофлар ёшлар учун янги марралар сари илҳом бағишловчи муҳим қадам бўлди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА