Қарши халқаро аэропортида коррупцияга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди
Қарши халқаро аэропортида корхона ходимлари иштирокида коррупцияга қарши курашиш, хизмат фаолиятида ҳалоллик ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлашга бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тармоқда шаффофликни таъминлаш ҳамда эҳтимолий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, фуқаро авиацияси, хусусан, аэропортлар тизимини коррупциядан холи соҳага айлантириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боис ҳар бир ходим ўз хизмат вазифасини бажаришда ҳалоллик, холислик ва масъулият тамойилларига қатъий амал қилиши муҳим аҳамиятга эга.

Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш фақат назорат органларининг эмас, балки ҳар бир ходимнинг фуқаролик бурчи ва виждон иши экани қайд этилди. Бу борада ҳар қандай лоқайдлик ва бепарволик салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бугунги кунда аэропортларда йўловчилар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратилаётгани, бироқ айрим ҳолларда белгиланган тартиб-таомилларни четлаб ўтишга уринишлар ҳам учраб туриши таъкидланди. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти ва муросасиз муносабати муҳим омил экани қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда хизмат фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан тегишли тавсиялар билан таништирилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири