Ўзига хос анъаналарга эга Нурота каштачилик мактаби
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилоятининг Нурота каштачилик мактаби анъаналари авлоддан авлодга ўтиб келаётган бўлиб, унинг ўзига хос элементлардан бири бу – анор тасвири саналади. Анор – Нурота туманининг бренди, десак ҳам муболаға бўлмайди. Бу тасвир – бахт-саодат белгисидир.
Бугунги кунда нуроталик қарийб минг нафар хотин-қиз каштачилик билан шуғулланиб, даромад қилиб келмоқда. Бу оддийгина меҳнат эмас, балки ҳунарманддан катта сабр-тоқат талаб этувчи санъат ишидир. Битта маҳсулот – сўзана ёки каштани тайёрлашга унинг ҳажмига қараб ҳафталаб, ҳатто ойлаб вақт кетиши, биргина маҳсулот устида 5–6 киши ишлаши ҳам мумкин.
[gallery-30108]
Маҳсулотларнинг барчаси қўл меҳнати билан яратилади. Кашталарга ишлатиладиган иплар ҳам қадимий услубда шу ернинг ўзида тайёрланади. Нуроталик каштадўзлар ўз меҳнат маҳсулларида миллий каштачилик ва сўзана санъатида ўсимликсимон ҳамда гуллар тасвири туширилган нақш композицияларини кенг қўллайди, анор, аноргул, бодомгул сингари офтоба нақшлар бардавомлигини таъминлашга эътибор қилади. Уларнинг айтишича, кашталардаги анор, бодом шаклли нақшлар серфарзандлик, бахт, меҳр-муҳаббат, тотувлик маъноларини англатади.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА