Билимдонлар сараланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Республикамиз барча ҳудудларида бўлгани каби Сурхондарё вилоятида ҳам Президент мактабига кириш имтиҳонларининг саралаш босқичи бўлиб ўтди. Тест имтиҳонлари Термиз шаҳридаги 11 та бинода, жумладан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят бўлими биносида ҳам ташкил этилди.
Президент мактабининг 5-синфига ажратилган мавжуд 24 та квота учун 4 минг 356 нафар ўқувчидан ҳужжатлар қабул қилинди. Таълим масканига 2026/2027 ўқув йили учун қабул жорий йилнинг 25 июнидан 14 июлига қадар онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилди.
Ўқувчилар имтиҳон ўтказилаётган бинолардаги жами 146 та гуруҳда тест синовларини топширди. Жорий йилда ўтган йиллардан фарқли ўлароқ тест жараёнлари 1 сменада бўлиб ўтди.
[gallery-30099]
Кириш имтиҳонлари 2 босқичда ўтказилиши белгиланган бўлиб, вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ҳужжат топширган болаларнинг энг юқори бал тўплаган 400 нафари сараланиб, 2-босқичда иштирок этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА