Президентнинг янги қарори бўйича матбуот анжумани
Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактабида “Маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Президентимизнинг 2026 йил 21 апрелдаги “Маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат соҳадаги ислоҳотларга янги суръат бағишлаб, маданият муассасалари фаолиятини замонавий асосда ташкил этиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва миллий меросни кенг тарғиб қилишда муҳим омил бўлмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда 620 та театр томошаси, концерт дастури ва маданий-маърифий тадбир ташкил этилиб, уларга 330 минг нафардан зиёд аҳоли қамраб олинди. Айниқса, 158 нафар ёшнинг халқаро танловларда иштирок этиб, 10 та гран-при ва қатор совринли ўринларни қўлга киритгани соҳадаги самарали ишлар ифодаси бўлди.

Сурхондарё вилоятида ўтаётган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалида Фориш туманининг “Боғдон” фольклор-этнографик халқ ансамбли биринчи ўринни эгаллагани ҳам жиззахлик санъаткорларнинг юксак салоҳиятидан далолатдир.
Анжуманда қўшни давлатлар билан маданий алоқалар кенгайиб бораётгани, жумладан, Қирғизистоннинг А.Жайнаков номидаги мусиқали драма театри билан ҳамкорлик меморандуми имзолангани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида маданият муассасалари ҳудудларига 10 минг тупдан ортиқ кўчат экилгани, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида Арнасой туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида таъмирлаш ишлари амалга оширилиши маълум қилинди.
Матбуот анжуманида йил якунига қадар халқаро фестиваллар, гастрол сафарлари, “Шанба оқшомлари”, “Ижод карвони” ва “Маданий ошхона” каби қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилгани таъкидланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА