“Йилнинг энг фаол махсус педагоги” аниқланди
Инклюзив таълим тизимида фаолият юритаётган махсус педагогларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Сирдарё вилоятида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан илк бор ўтказилаётган “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” кўрик-танловининг Ховос туман босқичи юқори савия ва кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив таълим синфларида фаолият юритаётган махсус педагоглар иштирок этган танловда ўқитувчиларнинг касбий маҳорати, ижодий ёндашуви, педагогик салоҳияти ҳамда болалар билан ишлаш кўникмалари баҳоланди.


Танлов низомига мувофиқ иштирокчилар учта шарт асосида беллашди. Биринчи шартда педагоглар амалий очиқ коррексион-ривожлантирувчи машғулот ўтказиб, инклюзив таълим жараёнида қўлланаётган замонавий усул ва ёндашувларни намойиш этди.

Иккинчи шарт — “Менинг педагогик фаолиятим” мавзусидаги тақдимот давомида иштирокчилар ўз тажрибаси, таълим жараёнида эришган ютуқлари ҳамда ўқувчилар билан ишлашдаги ўзига хос ёндашувлари ҳақида маълумот берди.

Учинчи шартда эса махсус педагогларнинг касбий билим ва компетенциялари савол-жавоб асосида синовдан ўтказилди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосасига кўра, тумандаги 30-мактаб махсус педагоги Азиза Эркинова 1-ўринни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
2-ўрин тумандаги 9-мактаб ўқитувчиси Раъно Холматовага насиб этган бўлса, 3-ўринни 14-мактаб ўқитувчиси Олтиной Турғунбоева эгаллади.
Тадбир якунида ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири