Яхшилар ёди
Асака тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ҳамкорлигида тумандаги 52-умумтаълим мактабида хотира ва қадрлаш куни муносабати билан давлат идораларида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, туман ижтимоий-иқтисодий ривожига муносиб ҳисса қўшган, фидойи инсон, марҳум Нўъмонжон Юлдашевнинг хотирасига бағишланган “Яхшилар ёди” номли тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Исроилжон Султонов, ЎзХДП туман кенгаши раиси Мўйдинжон Дадажонов ва бошқалар Нўъмонжон Юлдашевнинг ибратли ҳаёт йўли, амалга оширган ишлари, юксак инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритди.


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Илҳомжон Жўраев, Жўрабек Қодиров ва бошқа санъаткорлар ижросидаги Ватан, ҳалоллик, инсонийлик, тинчлик ва меҳр-оқибатни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.


Тадбир Асаканинг машҳур “Чўнтак” чойхонасида Қуръон тиловати билан бир пиёла чой устида давом этди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.