Ўзбекистонда Россия олий таълим муассасаларининг 15 та филиали фаолият юритмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида нутқ сўзламоқда.
Ўзбекистонда хорижий олийгоҳларнинг 32 та, жумладан, Россия олий таълим муассасаларининг 15 та филиали фаолият юритмоқда. Бу Россиянинг хориждаги энг йирик университетлар тармоғи ҳисобланади.
Шу билан бирга, касбий таълим, айниқса, амалиётга йўналтирилган кадрлар тайёрлаш дастурларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
Онлайн таълим сервислари мазкур соҳадаги самарали ҳамкорлик механизми бўлиши мумкин. Бундай сервисларнинг ишга туширилиши ёшларга ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам зарур билимларни олиш имконини беради. Бу меҳнат мобиллиги модельини тубдан ўзгартиради ва уни ташкил этишни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади.
Шу муносабат билан Президентимиз Инсон капиталини ривожлантириш қўшма онлайн-платформасини яратишни таклиф этди. Унинг вазифаси – таълим, касбий тайёргарлик ва меҳнат бозорини ўзаро боғлашдан иборат.
Ушбу тизимда таълим дастурлари, тил ўргатиш ва ахборот технологиялари курслари, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва иш берувчилар билан боғланиш имкониятлари бирлаштирилиши мумкин.
Ёшлар учун бу янги иқтисодиёт сари аниқ-равшан йўналиш бўлади. Бизнес учун тайёр кадрлар базасидан фойдаланиш имкониятидир. Университетлар ва коллежлар учун бозорнинг реал талаби билан алоқа воситасидир. Ўзбекистон ва Россия учун эса энг олий қадрият бўлган инсонларга узоқ муддатли сармоядир.
ЎзА