Ўзбекистон заргарлик маҳсулотлари илк бор Сингапур бозорига чиқди
Сингапурда ўтказилган нуфузли халқаро кўргазмада илк бор Ўзбекистон заргарлик маҳсулотлари миллий павильонимиз орқали намойиш этилди. Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар “Made in Uzbekistan” бренди остида ўзларининг бетакрор маҳсулотларини тақдим этдилар.
Ўзбекистон айвони кўргазма қатнашчиларида илиқ таассурот қолдирди. Хорижлик мутахассислар заргарлик буюмларимизнинг сифати, безаги ва рақобатбардошлигини юқори баҳоладилар.
Тадбир доирасида Сингапурнинг йирик ёндош компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ташкил этилиб, маҳсулотларимизни ушбу мамлакат бозорига тўғридан-тўғри етказиб бериш ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш имконияти муҳокама қилинди. Бундан ташқари, хорижлик ҳамкорларни юртимиздаги корхоналар фаолияти билан яқиндан таништириш ва аниқ буюртмалар олиш учун шерикларнинг юртимизга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
Умуман, мазкур ташриф ўзбек заргарлик брендининг Сингапур ва бутун Жануби-шарқий Осиё бозорига кириб бориши учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ф. Яхшибоева, ЎзА