Қирғизистон чегарадан ўтиш соддалаштирилган иловани ишга туширди
Қирғизистон чегара хизмати фуқаролар, жумладан сайёҳлар ва юк ташувчиларга давлат чегарасидан тезроқ ўтишга ёрдам берадиган “Рақамли чегара” мобил иловасини ишга туширди.
Илова назорат пункти амалиёти, мавжуд чеклов, талаб қилинадиган ҳужжат ва чегарадан ўтиш учун энг қулай вақтни танлаш имконини беради. Шунингдек, энди фойдаланувчи мамлакатда қолиш қоидаси, машҳур сайёҳлик йўналишлари ва автомобиль суғуртасини сотиб олиш имкони ҳақида ҳам маълумот олиши мумкин.
Бундай хизмат ҳозирча жисмоний шахслар учун тақдим этилмоқда. Чегарадан ўтиш вақтини қисқартириш учун ушбу ташаббус юк машинаси ҳайдовчилари учун ҳам татбиқ этилиши режалаштирилган.
С.Раҳимов, ЎзА