Лула Трампнинг янги божига жавоб қайтарди
Америка Қўшма Штатлари 22 июлдан бошлаб Бразилиядан кириб борадиган аксар маҳсулотларга 25 фоиз бож солади. Бу Дональд Трамп маъмурияти ишлаб чиққан янги тариф сиёсати доирасида қабул қилинган илк чора бўлиб, келгусида ўнлаб давлатларни қамраб олиши мумкин. Президент Луис Инасиу Лула да Сильва эса қарорни “ҳеч қандай асосга эга эмас”, дея баҳолади.
АҚШ Савдо вакили бошқармаси маълум қилишича, мазкур қўшимча солиқ адолатсиз савдо амалиётини текширишга оид қонун асосида жорий этилмоқда. Вашингтон рақамли савдо, ўрмонни ноқонуний кесиш ва бошқа масалалар бўйича Бразилия билан музокара кутилган натижани бермаганига эътибор қаратди. Шу билан бирга бундай сиёсат Хитой, Европа Иттифоқи давлатлари, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея ва Мексикага нисбатан ҳам қўлланиши мумкинлиги билдирилди.
Бразилия раҳбари ҳолат юзасидан Жаҳон савдо ташкилотига шикоят йўлланиши, мамлакатнинг “Ўзаро жавоб чораси тўғрисидаги қонуни” ишга тушишини маълум қилди. Давлат котиби Марко Рубио эса Лулани Вашингтон билан ҳалол музокара олиб бормасликда айблаб, “тариф Бразилия раҳбарининг сиёсати учун тўланадиган баҳодир”, дея кескин баёнот билан чиқди.
Янги бож шакар, қишлоқ хўжалиги техникаси, тўқимачилик ва электр жиҳозлари, қоғоз ва пўлат маҳсулотларига татбиқ этилади. Қаҳва, мол гўшти, самолёт ва учоқ эҳтиёт қисмлари, энергия ашёлари, нодир ер металлари, чўян ҳамда органик асал каби қатор товарлар чекловдан озод.
Дарвоқе, Бразилияга нисбатан яна бир текширув якунланиш арафасида. Яъни, эҳтимолий қўшимча 12,5 фоиз солиқ айрим маҳсулотлар учун умумий тариф юкини 37,5 фоизга кўтариши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА