Ўзбекистон – Озарбайжон: Тарихий ҳужжат – абадий дўстлик ва иттифоқчиликнинг мустаҳкам пойдевори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқаси ҳамроҳлигида 23 август куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
“Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни давлатимиз раҳбари ва рафиқаси кутиб олдилар.
Икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди.
Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказ минтақаларининг геосиёсий ва геоиқтисодий тизимида Тошкент ва Боку ўртасидаги стратегик шериклик хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Олий даражадаги мунтазам, ишончли ва самимий мулоқотлар туфайли икки давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи, глобал ҳамда минтақавий тузилмалар доирасида илгари сураётган ташаббуслари бир-бирини ўзаро тўлдириб, юксак суръат касб этмоқда.
Олий мартабали меҳмон дастлаб рафиқаси билан биргаликда Янги Ўзбекистон боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Мустақиллик монументида мамлакатимизнинг кўп асрлик тарихи, озодлик ва бунёдкорлик руҳи, илм-маърифат ва тараққиёт йўлида хизмат қилган буюк аждодларимиз сиймоси акс этган.
Буюк боболаримизнинг эзгу амаллари, инсоният тамаддунига қўшган ҳиссаси ва бой маънавий мероси бугун нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан юксак қадрланмоқда.

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўяр экан, Ватан озодлиги, эл фаровонлигининг ёрқин ифодаси сифатида мағрур қад ростлаган мажмуа қошида рамзий бош эгди.
Олий мартабали меҳмон юртимиз тарихида ўчмас из қолдирган буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий мероси, жаҳон тамаддуни ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф этиб, эҳтиром кўрсатди.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев рафиқаси билан биргаликда Тошкент шаҳридаги Ҳайдар Алиев ёдгорлиги мажмуасига борди.
Мазкур кўркам гўша Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йилда Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси, ўзбек халқининг яқин дўсти Ҳайдар Алиев шарафига бағишлаб барпо этилган.

Олий мартабали меҳмон ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиб, атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси Ҳайдар Алиев хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.
Икки давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбайжон Президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олиб, шоҳсупага таклиф қилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат мадҳиялари янгради.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказдилар.
Музокараларда Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Республикаси Президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.

– Саммит якунида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бунинг тасдиғи бўлади. Энг муҳими, стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизнинг ҳар бир банди аниқ натижалар ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Етакчилар икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини қайд этдилар. Парламентлар, ҳукуматлар ва тармоқлар ўртасида мунтазам мулоқот йўлга қўйилган.
Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди.
Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ортди. Энергетика, кимё, кончилик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган дастур қабул қилинаётгани мазкур муҳим маррага эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
Йиғилиш доирасида янги кооперация лойиҳаларини бажаришга старт берилади. Бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция компанияси маблағларини фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Етакчилар маданият, таълим, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Икки халқни янада яқинлаштириш мақсадида “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ўртасидаги адабий кўприк” мавзусида қўшма кинофильм яратиш таклиф этилди.
Жорий йилнинг кузида Озарбайжонда етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтади.
2027 йилда мамлакатларимизда муҳим спорт воқеаси – футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бу борада қўшма спорт, маданият ва ёшларга оид тадбирларни ўтказишни назарда тутувчи кенг кўламли “Икки мамлакат – бир чемпионат” дастури ишлаб чиқилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Йиғилишда Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг ахборотлари тингланди.
Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга қаратилган “йўл харитаси”ни қабул қилишга қарор қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев қўшма лойиҳаларга старт бериш маросимида иштирок этдилар.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.
Маросим доирасида банк соҳасидаги ҳамкорлик, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, таълим муассасаларини ташкил этиш, автомобилларга ёқилғи қуйиш инфратузилмасини барпо этиш, йирик туристик ва турар жой мажмуаларини қуриш, минерал хомашёни қайта ишлаш ва боғдорчиликни ривожлантиришни назарда тутувчи қўшма лойиҳаларга старт берилди.
Тадбир иштирокчилари ҳудудлардаги лойиҳа майдонларидан онлайн алоқага чиқиб, амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот бердилар.
Янги қўшма лойиҳалар икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги кооперацияни янада кенгайтириш, ўзаро инвестициялар ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилиши қайд этилди.
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларини икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” ордени топширилди.
Давлатимиз раҳбари нуфузли мукофотни топширар экан, ушбу қарор Озарбайжон Президентининг қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлади.
– Сиз улуғ отангиз – атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Сизнинг раҳбарлигингиздаги оқилона ислоҳотлар туфайли Озарбайжон тараққиёт борасида ва халқаро майдонда улкан ютуқларга эришмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.
Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон – Озарбайжон кўп қиррали муносабатларини кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси ҳам алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Икки давлат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари қарор топишида айнан унинг ўрни беқиёс.
Ўз навбатида, Озарбайжон Президенти юксак эътироф учун мамлакатимиз етакчиси ва халқига миннатдорлик изҳор этиб, дўстлик ва ўзаро ҳурмат руҳидаги ҳар томонлама ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг олий давлат мукофоти – “Ҳайдар Алиев” ордени билан тақдирланди.
Мукофотни давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев топширди.

Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон Президенти ва қардош Озарбайжон халқига чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни абадий дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги қўшма саъй-ҳаракатларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини таъкидлади.
– Мазкур орден мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Унга бутун умрини Ватанига хизмат қилишга бағишлаган улуғ давлат арбоби Ҳайдар Алиевич Алиевнинг номи берилган. Айнан шу инсон Озарбайжоннинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳайдар Алиев Ўзбекистон тарихи ва маданиятини юксак қадрлагани, икки халқ яқинлашувига салмоқли ҳисса қўшгани таъкидланди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон келгусида ҳам барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириб, қардошлик муносабатлари эса янги амалий мазмун билан бойиб боришига ишонч билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, “Ҳайдар Алиев” орденига турли йилларда Франция Президенти Жак Ширак, Қувайт Амири Сабоҳ ас-Сабоҳ, Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Италия Президенти Сержо Маттарелла ва бошқа кўплаб давлат арбоблари сазовор бўлган.
Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Олий давлатлараро кенгаш учинчи йиғилишининг қарорини имзоладилар.
Давлат раҳбарлари ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
– Пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– 2030 йилга қадар товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича дастур;
– Инвестициялар ва савдо соҳасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;
– Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Адлия вазирликлари ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Кинология соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Урганч ва Хонкенди, Бухоро ва Лочин, Урганч ва Нахчивон шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги баённомалар.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев бўлиб ўтган музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирдилар.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳеч муболағасиз тарихий аҳамиятга эга эканини чуқур мамнуният билан таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бугунги саммитнинг энг муҳим натижаси бўлганини қайд этди. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, мазкур ҳужжат ҳамкорликни чуқурлаштириш, бу борада мавжуд имкониятларни кенгайтириш ҳамда муштарак келажакни барпо этишга бўлган биргаликдаги интилишнинг ифодасидир.
Ташриф доирасида иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали механизмига айланган Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон иқтисодиёти барқарор ривожланиб, халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий ерлари қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этди.
Ижтимоий инфратузилмаси жадал барпо этилиб, ҳудудида янги иш ўринлари яратилаётган Қорабоғни қайта тиклаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
– Озарбайжон – ишончли иттифоқчимиз, стратегик шеригимиз ва бизга қардош давлат. Муносабатларимиз замирида ягона цивилизацион код – муштарак тарихий илдизлар, кўп асрлик дўстлик, ўхшаш маданият ва анъаналар мужассам, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Саммитга жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилгани таъкидланди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, Ҳудудлар форуми самарали ўтказилди.
Музокаралар давомида Президентлар кўп қиррали муносабатларнинг барча жабҳаларини атрофлича муҳокама қилиб, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг асосий йўналишлар бўйича ахборотларини тингладилар.
Булар, аввало, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, маданият ва бошқа соҳалардир.
Томонлар сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, парламентлар ва ҳукуматлар, тармоқ идоралари ҳамда ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
Асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Ушбу муҳим маррага эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган тегишли дастур қабул қилинди.
Саноат кооперациясида янги ўсиш нуқталари белгиланди.
Мазкур ташрифга тайёргарлик доирасида энергетика, геология, кимё, қурилиш, молия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳаларининг салмоқли тўплами шакллантирилди.
Ушбу лойиҳаларни илгари суришда бир неча йил аввал ташкил этилган Инвестиция жамғармаси муҳим ўрин тутмоқда.
Ҳудудлар имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш бўйича келишувга эришилди. Шу мақсадда жорий ойда Тошкент шаҳри, Бухоро ва Наманган вилоятлари ҳокимлари Озарбайжонда бўлдилар.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши – транспорт-транзит соҳаси, хусусан, Транскаспий коридорини биргаликда ривожлантириш, логистика инфратузилмаси самарадорлигини ошириш ва юк ташувларини рағбатлантириш.
Икки халқ ўртасидаги яқин маданий-гуманитар алоқалар ишончли дўстлик кўприги вазифасини ўтамоқда.
Йил якунига қадар Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ҳамда Озарбайжонда олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми ўтказилади.
ФИФА қарорига кўра, келаси йили Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилиши таъкидланди.
Ушбу йирик спорт тадбири доирасида кенг кўламли “Икки мамлакат – бир чемпионат” дастурини амалга оширишга келишиб олинди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида озарбайжонлик ҳамкасбига таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу тарихий ташриф якунлари ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан бойитиб, қўшма лойиҳалар ва икки қардош мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун янги уфқлар очишига ишонч билдирди.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига ташриф буюрдилар.
Бу ерда Озарбайжон етакчисига Янги Тошкент бош режаси, қурилиш ишларининг бориши, шаҳарнинг транспорт ва муҳандислик инфратузилмаси ҳамда истиқболдаги ривожланиш режалари ҳақида тақдимот қилинди.

Янги Тошкент 20 минг гектар майдонда барпо этилиб, истиқболда 2 миллион аҳоли яшаши учун мўлжалланган. 2034 йилга қадар бу ерда 200 мингта хонадон қурилиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг 6 минг гектарни қамраб олган биринчи босқичида замонавий турар жойлар, ижтимоий ва бизнес объектлари, таълим ва маданият масканлари бунёд этилмоқда. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” университети, Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети ва бошқа олий таълим муассасаларининг кампуслари қурилмоқда.
Шаҳарни барпо этишда замонавий урбанистика, “яшил шаҳар” ва энергия самарадорлиги тамойилларига устувор аҳамият қаратилган. Муҳандислик коммуникацияларини ер остида жойлаштириш, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш, кенг яшил ҳудудлар ва жамоат маконларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Транспорт инфратузилмаси ҳам янги шаҳарнинг муҳим таркибий қисми бўлади. Янги кўприклар, метро линияси, пиёдалар ва велосипед йўлаклари Янги Тошкентни пойтахтнинг мавжуд ҳудудлари билан узвий боғлайди.
Шунингдек, шаҳарда давлат идоралари, илмий ва маданий марказлар, меҳмонхоналар, сервис ҳамда бизнес мажмуалари барпо этилади. Лойиҳага маҳаллий ва хорижий инвесторлар кенг жалб қилинмоқда.
Президент Илҳом Алиевга Янги Тошкентнинг макети ва режалаштирилаётган йирик объектлар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкентда Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини тантанали очиш маросимида иштирок этдилар.
Давлат раҳбарлари Низомий Ганжавий ҳайкали ёнида дарахт экдилар.
Президентларга университет мажмуасининг қурилиш жараёнлари, таълим инфратузилмаси ва кампусни ривожлантириш режалари ҳақида маълумот берилди.
40 гектар майдонда барпо этилаётган кампус қурилиши икки босқичда амалга оширилмоқда. Бу ерда жами 20 минг нафар талабага мўлжалланган ўқув бинолари ҳамда 5 минг ўринли талабалар турар жойларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Биринчи босқич доирасида 12 минг ўринли беш қаватли ўқув биноси ва замонавий лаборатория мажмуаси қурилди.
Давлат раҳбарлари кампусда яратилган ўқув ва илмий муҳит, ахборот-ресурс маркази ҳамда Низомий Ганжавий меросига бағишланган музей экспозицияси билан танишдилар.
Музейда буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавийнинг ҳаёти ва ижоди, унинг бой маънавий мероси, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги кўп асрлик маданий ҳамда адабий алоқалар акс эттирилган.

Етакчилар таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги алоқалар икки қардош халқни янада яқинлаштириш, ёш авлодни умумий маънавий қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишларини бошлаб бердилар.
Боғ учун Янги Тошкентда 4 гектар майдон ажратилган. Бу ерда Озарбайжоннинг бой маданияти, кўп асрлик тарихи ва миллий анъаналарини акс эттирадиган замонавий жамоат макони ташкил этилади. У икки қардош халқнинг маданий яқинлиги ва дўстлигини намоён этадиган масканга айланади.
Таъкидлаш жоизки, бундай эзгу ташаббус икки томонлама хусусиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи доирасида Боку шаҳрининг “Оқ шаҳар” ҳудудида “Ўзбекистон” боғига тантанали равишда тамал тоши қўйилган эди.

4,5 гектар майдонда ташкил этиладиган ушбу мажмуада Ўзбекистоннинг бой маданияти ва анъаналари, миллий меъморчилик мактаби ўзига хос тарзда намоён этилади. Унда мамлакатимиз тарихий обидаларининг меъморий тимсоллари, яшил ҳудудлар ва сайр масканларини барпо этиш кўзда тутилган.
Шу тариқа Тошкентдаги “Озарбайжон” ва Бокудаги “Ўзбекистон” боғлари икки халқнинг кўп асрлик дўстлиги, ўзаро ҳурмати ва маънавий яқинлигининг яна бир ёрқин рамзи бўлади.
Давлат раҳбарлари бўлажак боғ ҳудудида рамзий капсулани жойлаштириб, лойиҳани амалга оширишга старт бердилар.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА мухбирлари