Туризм манзилларига транспорт қатновлари сайёҳлар эҳтиёжига мослаштирилади
Туристик манзилларга транспорт қатновларини сайёҳлар эҳтиёжига мослаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Масалан, Тошкентдан Чиноркентга борадиган поезд соат 10:30 да манзилга етиб боради, қайтиш экспресси эса 14:20 да жўнайди. Натижада Бўстонлиққа борган сайёҳнинг ҳудудни айланиши учун атиги тўрт соатга яқин вақти қолмоқда.
Шунингдек, Тошкент – Шаҳрисабз йўналишидаги “Афросиёб” тезюрар поезди фақат якшанба куни қатнаши қайд этилди. Бу қатновда ҳам сайёҳнинг шаҳар билан танишиши учун беш соат атрофида вақти қолади.
Президентимиз янги туризм объектларини қуриш билан бирга уларга бориш ва қайтиш имкониятини қулай ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга бир ойда барча темир йўл қатновлари ва ички авиарейслар жадвалини таҳлил қилиб, аҳоли ҳамда сайёҳлар талабига мувофиқ қайта кўриб чиқиш ва эълон қилиш топширилди.
ЎзА