Олий суд: меҳнат соҳасида фуқаролар сарсон бўлишининг олдини олиш зарур
Олий судда меҳнатга оид муносабатлар юзасидан низоларни ҳал қилишда қонунчилик нормалари тўғри қўлланилиши ва талқин қилинишига оид давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олий суд раисининг ўринбосари А.Шукуров бошқарган тадбирда манфаатдор муассаса ва идоралар вакиллари, адвокатлар, мутахассислар ва судьялар иштирок этди.
Давра суҳбати давомида ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилишнинг ҳуқуқий асослари ҳамда суд тартибида ҳал этилган ушбу тоифадаги низолар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари ижро этилиши механизми атрофлича муҳокама қилинди.
Меҳнат муносабатларини бекор қилишда қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, ягона ҳуқуқ амалиётини шакллантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари томонидан мазкур тоифадаги низоларни кўриб чиқишда қонунчилик нормаларини бир хилда талқин қилиш ва қўллашга қаратилган таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди.
Давра суҳбати якунлари бўйича билдирилган фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, келгусида меҳнат қонунчилигига риоя қилиш, фуқаролар сарсон бўлишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА