Гендер тенглиги бўйича янги таклиф ва ташаббуслар билдирилди
Сув хўжалиги вазирлигида сув хўжалиги тизимида гендер ёндашувларни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган Тараққиёт ҳамкорлари Техник гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик раҳбарияти, тизим ташкилотлари, тегишли давлат идоралари, олий таълим муассасалари ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпўлатов, “ACTED” ташкилоти вакили Фарзона Ҳошимова сўзга чиқиб, 2027 йилгача мўлжалланган ҳаракатлар режасининг ижроси ва унинг амалга оширилиши бўйича мониторинг натижалари юзасидан тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, 2030 йилгача мўлжалланган сув хўжалиги соҳасининг гендер концепцияси доирасида эркак ва аёллар учун тенг имкониятларни таъминлаш, қарор қабул қилиш жараёнларида аёллар иштирокини кенгайтириш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳокамалар давомида иштирокчилар гендер сиёсатини янада такомиллаштириш, мавжуд лойиҳалар самарадорлигини ошириш ҳамда соҳада учраётган айрим муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Шунингдек, сув хўжалиги тизимида гендер ёндашувларни янада чуқур жорий этиш, ҳудудий даражадаги ишлар мувофиқлашувини кучайтириш ҳамда ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Марказий Осиё минтақасида сув ва гендер масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, мавжуд тармоқлар фаолиятини кучайтириш ва янги ҳамкорлик механизмларини жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида иштирокчилар соҳада гендер тенглигини таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, тажриба алмашинувини кенгайтириш ва тасдиқланган ҳаракатлар режасини самарали амалга ошириш бўйича келишувга эришди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА