Сенат: одил судлов сифати халқаро стандартлар даражасига кўтарилади
Сенат ялпи мажлисида “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Ушбу масала юзасидан маъруза қилган Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Аблуҳаким Эшмуродов қонуннинг асосий мақсади – суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш эканини таъкидлади. Судларнинг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ва мустақил равишда фаолият юритиши таъминланади.

Судларни молиялаштириш фақат давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ва бюджет лойиҳасини тайёрлашда судларнинг мустақил иштироки қатъий белгиланмоқда.
Бюджет кодексида мамлакатда иқтисодий вазият ёки бюджет тақчиллиги ортишидан қатъи назар, судлар фаолияти учун ажратиладиган маблағларни қисқартириш тақиқланади. Навбатдаги йил учун ажратиладиган маблағлар ҳажми ўтган йилдагидан кам бўлмаслиги кафолатланади.

Янги тартибга кўра, Конституциявий суд, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши ажратилган маблағларни ўзлари мустақил равишда тасарруф этади, қуйи судлар тизими бўйича эса буни Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти амалга оширади.

“Судлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришга мувофиқ эндиликда ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш тизими ва автотранспорт билан таъминл анади. Сенаторлар маъқуллаган қонун суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг ва суд аппарати ходимларининг моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш ҳамда юртимизда одил судлов сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтаришга хизмат қ илади.
Н.Абдураимова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА