Лагандаги бўёқлар рақси
Пойтахтимизда кулол Абдураҳим Ғофуровнинг “Лагандаги бўёқлар рақси” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Абдураҳим Ғофуров 1954 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

Болалигида эшитиш қобилиятидан айрилганига қарамай, у мустақил равишда тасвирий санъат сирларини ўрганиб, кейинчалик кулолчилик ва бадиий безак санъатида ўзига хос услуб яратишга муваффақ бўлди.
У меҳнат фаолиятини 1973 йилда М.Раҳимов номидаги Тошкент бадиий керамика тажриба комбинатида рассом сифатида бошлаган. Шунингдек, Алишер Навоий метро бекати безакларини яратишда ҳам ўз ҳиссасини қўшган.

Бугунги кунда устанинг 50 йиллик ижодий фаолияти давомида яратилган ноёб сопол буюмлари жамланган уй-музейи маҳаллий ва хорижий меҳмонларнинг севимли масканига айланган.
Кўргазмада кулолнинг турли йилларда яратилган “Мазайка”, “Дил баёру – Даст бакор”, “Бодом”, “Кўз”, “Тошлар жилоси”, “Фантазия”, “Қалампир”, “Ҳумо” ва “Лаганлар жилоси” каби асарлари ҳамда 80 дан ортиқ турли шаклдаги лаганлари намойиш этилмоқда.

Кўргазма 21 июнга қадар давом этади.
Г.Бобоева, ЎзА