ОКМКда рақамлаштиришнинг янги босқичи бошланмоқда
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида рақамлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳамда маҳаллий дастурий таъминотларни яратиш бўйича янги стратегик йўналишларни белгилаб олиш мақсад қилинган. Уларни амалга ошириш учун комбинатнинг “Digital Industry" корхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университетининг етакчи профессор-олимлари комбинатга таклиф этилди.
Дастлаб иқтисодиёт фанлари докторлари, профессорлар Шоҳмансур Шоҳаъзамий ва Хайрулла Режапов ҳамда комбинатнинг ахборот технологиялари соҳаси масъуллари ва мутахассислари ўртасида учрашув ташкил этилди. Унда технологик жараёнларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларини такомиллаштириш, маҳсулот таннархини тушириш, энерготежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқаришни иқтисодий жиҳатдан оптималлаштиришга хизмат қилувчи янги дастурий ечимларни ишлаб чиқиш бўйича ўзаро келишувга эришилди.
Мутахассислар таъкидлашича, бунда асосий урғу математик моделлаштириш усулларига қаратилиб, мураккаб технологик занжирларни рақамли моделлар ёрдамида бошқариш режалаштирилган.


Тадбирда профессор Ш. Шоҳаъзамий томонидан “Янги Ўзбекистоннинг смарт рақамли республика эквивалентларига ўтиш концепцияси” мавзусида тақдимот ҳам ўтказилди.
Мулоқот якунида илм-фан ютуқларини бевосита амалиётга татбиқ этиш, ишлаб чиқаришдаги йўқотишларни камайтириш ва ресурслар бошқарувини тўлиқ рақамлаштириш бўйича истиқболдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.
А.Мусаев,ЎзА