Бухорода “Медиа ҳафталик” бошланди
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси билан журналист ва блогерларнинг касбий маҳоратини ошириш, ахборот маконидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган “Медиа ҳафталик” тадбирлари старт олди. Мазкур лойиҳа вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Бугунги глобал ахборот маконида тезкорлик, ишончлилик ва профессионал ёндашув ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, рақамли технологиялар ҳаётимизга чуқур кириб келган бир пайтда журналистлар, блогерлар ва матбуот хизматлари вакилларининг билим ва кўникмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш долзарб вазифага айланди. Ана шу нуқтаи назардан “Медиа ҳафталик” нафақат медиа соҳаси ходимлари учун ўқув майдони, балки тажриба алмашиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ғояларни шакллантириш платформаси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Лойиҳада интернет ва босма нашрлар журналистлари, телевидение ва радио ходимлари, давлат идоралари матбуот котиблари, блогерлар, мобилографлар ҳамда ёш медиа вакиллари иштирок этмоқда. Ҳафталик доирасида медиа соҳасининг энг долзарб йўналишлари бўйича малакали экспертлар томонидан тренинглар, амалий машғулотлар ва очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари Бахтиёр Адилов бугунги кунда оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
– Ахборот макони бугун жамият тараққиётининг ажралмас қисмига айланди. Оммавий ахборот воситалари нафақат янгилик етказади, балки жамоатчилик фикри, фуқаролик позицияси ва ижтимоий фаоллик шаклланишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис медиа соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир мутахассис зиммасида катта масъулият бор. Айниқса, фейк хабарларга қарши курашиш, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиш, медиа маданиятни шакллантириш бугуннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади, – деди Бахтиёр Адилов.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, жамоатчилик билан самарали коммуникация ўрнатиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда журналистлар, блогерлар ва матбуот котибларининг роли тобора ортиб бормоқда. “Медиа ҳафталик” ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида ҳам эътиборга молик.
Ҳафталик доирасида контент яратиш, фактчекинг, рақамли гигиена, SMM, стратегик коммуникациялар, аудитория билан ишлаш ва замонавий медиа платформалардан самарали фойдаланиш бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. Энг муҳими, бу тренинглар назария билан чекланиб қолмай, иштирокчилар учун амалий тажриба майдонига айланмоқда.
Машғулотларда сунъий интеллект технологиялари, рақамли инструментлар ва замонавий медиа воситаларидан фойдаланиш бўйича амалий машқлар ўтказилаётгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу эса медиа мутахассисларига ўз фаолиятида тезкорлик, сифат ва самарадорликни ошириш имконини беради.
[gallery-29356]
Шу билан бирга, “Медиа ҳафталик” ҳудудларда фаолият юритаётган журналист ва блогерларнинг ўзаро мулоқотини кучайтириш, тажриба алмашиш ва янги ижодий ҳамкорликларни шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Тадбир давомида иштирокчилар соҳадаги муаммолар, замонавий тенденциялар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашмоқда.
Шубҳасиз, мазкур лойиҳа Бухоро медиа муҳити учун янги имкониятлар эшигини очади. У журналистлар ва ахборот соҳаси вакилларининг профессионал салоҳиятини ошириш, медиамаконда сифатли ва ишончли контент улушини кўпайтириш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, “Медиа ҳафталик” бу шунчаки ўқув тадбири эмас, балки замонавий медиа мактабидир. У орқали журналист ва блогерлар янги билим, инновацион ёндашув ва амалий тажрибага эга бўлиб, келгусида юртимиз ахборот маконида янада фаол, профессионал ва таъсирчан фаолият олиб боришига замин яратади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.