Қарор ижроси — ёш муҳандислар келажагига мустаҳкам пойдевор
Мамлакатимизда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини замон талаблари асосида ривожлантириш, тармоқ учун рақобатбардош ва билимли муҳандис кадрлар тайёрлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги муҳандисларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу мақсадга хизмат қилаётган муҳим ҳужжатлардан бири бўлди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш, талабаларнинг назарий билимларини амалий жараёнлар билан уйғунлаштириш ҳамда уларни ишлаб чиқариш муҳитига яқинлаштириш мақсадида Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университетининг 3-босқич талабалари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Учрашувда университет профессори, Жиззах вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича илмий маслаҳатчи А. Янгиев, ҳавза бошқармаси бошлиғи М. Турдибоев, соҳа мутахассислари ва талабалар иштирок этишди. Мулоқот чоғида сув хўжалиги тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ирригация тармоқларини бошқаришнинг замонавий усуллари, инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Айниқса, бугунги кунда соҳада фақат назарий билим эмас, балки амалий тажрибага эга кадрларга эҳтиёж юқори экани таъкидланди. Шу маънода, талабаларни ишлаб чиқариш жараёнларига эрта жалб этиш, уларнинг касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва малакавий амалиёт самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Тадбир давомида ёшларнинг соҳага қизиқиши, ташаббускорлиги ва инновацион ёндашувларига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш каби долзарб вазифалар айнан билимли ва замонавий фикрлайдиган муҳандис кадрлар зиммасига тушади.
Учрашув якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди. Шунингдек, амалиёт жараёнларини самарали ташкил этиш, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий боғлиқликни янада кучайтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири